2018-05-31 16:22:14

ТОШКЕНТДА ОҒИР АТЛЕТИКА БЎЙИЧА ЁШЛАР ЎРТАСИДА ЖАҲОН ЧЕМПИОНАТИ ЎТКАЗИЛАДИ

2018 йилнинг 7-14 июль кунлари Тошкент шаҳрида оғир атлетика бўйича ёшлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Қайд қилинишича, бугунги кунги ҳолатга кўра, мусобақада жаҳоннинг 50 дан ортиқ мамлакат вакиллари иштирок этиши аниқ бўлиб улгурган. Ушбу рақам мусобақа бошлангангунга қадар яна ошиши мумкин.

Шунингдек, чемпионат бошланиши арафасида пойтахтимиздаги “International hotel” меҳмонхонасида Халқаро оғир атлетика федерациясининг Ижроия Қўмитаси йиғилиши ва навбатдаги Конгресси бўлиб ўтади. Унда ташкилот президенти Томаш Айян ҳам иштирок этиши кутилмоқда. Ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига эса «Ўзбекистон» спорт мажмуаси мезбонлик қилади.

Маълумот учун, 2013 йилги ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ҳам Тошкентда ўтказилганди. Унда дунёнинг 17 ёшгача бўлган полвонлар ғолиблик учун кураш олиб боришган. 20 ёшгача бўлган атлетлар ўртасидаги жаҳон чемпионатига эса Ўзбекистон пойтахти биринчи марта мезбонлик қилади.

“Туркистон-пресс”