2018-05-31 16:31:54

ЖУРНАЛИСТЛАР СОҒЛИҚНИ САҚЛАШ ТИЗИМИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР БИЛАН ТАНИШДИ

Самарқанд шаҳрида аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, патронаж хизмати ва профилактик кўриклар билан қамраб олиш юзасидан амалга ошириаётган ишлар билан танишиш мақсадида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан пресс-тур ташкил этилди.

ОАВ ходимлари дастлаб 12-оилавий поликлиникада бўлиб, Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори асосида ташкил этилган “Саломатлик мактаби” фаолияти билан танишди.

Бу ерда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраев янги бинода иш бошлаган муассасада яратилган шароит ва имкониятлар ҳақида маълумот берди.

— “Саломатлик мактаби” аъзолари билан биргаликда ҳудудимиздаги 17 маҳаллада ҳафтанинг ҳар бир кунини аҳолининг турли тоифаларига бағишлаган ҳолда тадбирлар ташкил этилмоқда, — дейди 12-оилавий поликлиника бош шифокори Дилбар Собирова. — Масалан, шифокорларимиз душанба куни ҳудудимизда истиқомат қилаётган нуронийларнинг саломатлигини назорат қилади. Сешанба куни ҳомиладор аёлларнинг ҳолидан хабар оламиз.

Журналистлар Ғафур Ғулом номли маҳалла фуқаролар йиғинида “Саломатлик мактаби” томонидан ташкил этилган 31 май —Халқаро кашандаликка қарши кураш кунига бағишланган тадбирда ҳам иштирок этди. Унда поликлиника шифокори Ш.Аброров йиғилганларга тамаки чекиш, гиёҳвандлик каби зарарли одатларга ружу қўйиш оқибатида ногирон фарзандлар дунёга келаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги 3-сон туғруқ мажмуасида бўлиб, “Бўлажак оналар саломатлик мактаби”нинг машғулотларини кузатди.

“Туркистон-пресс”