2018-05-31 16:34:32

ЎЗБЕКИСТОН ЖССТ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ЧЕКИШГА ҚАРШИ КУРАШНИ КУЧАЙТИРАДИ

Ўзбекистон ва ЖССТ тамаки истеъмоли ва чекиш билан боғлиқ сабаблардан ўлимдаражасини қисқартириш масалаларини муҳокама қилди.Бу ҳақда “Газета.uzxабар берди.

Ўзбекистон жамоат жойларида чекишни 100 фоиз тақиқлашга эришишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 31 май — Жаҳон тамакисиз куни арафасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ваколатхонаси томонидан ташкил этилган маҳкамалараро йиғилишда маълум қилинди, дея хабар берди соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Юсупалиев.

Унинг сўзларига кўра, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш миллий мақсадларини тасдиқлаш тўғрисидаги Президент қарори лойиҳасига тўртта муҳим мақсад киритилган: тўртта асосий ноинфекцион касалликдан бевақт ўлим даражасини учдан бир қисмга, тамаки истеъмоли даражасини 10 фоизга пасайтириш, 100 фоиз жамоат жойларида тамаки чекишни тўлиқ тақиқлашга эришиш ва ЖССТнинг тамакига қарши Доиравий конвенциясини самарали жорий этиш.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси носвой ишлаб чиқарилиши ва тарқалишини тақиқлаш бўйича чораларни кучайтиришни таклиф қилди. Бугунги кунда у тақиқланган бўлса ҳам, бутун республикада эркин сотилмоқда. Мазкур чоралар ЖССТ тамакига қарши конвенциясининг барча йўналишлари бўйича тамаки эпидемиясига қарши самарали курашни амалга ошириш чораларини кучайтириш бўйича 2018−2019 йилларга мўлжалланган Миллий йўл харитасида кўрсатиб ўтилади.

Огоҳлантириб ўтамиз: тамаки истеъмоли юракнинг ишемик касалликлари, инсульт ва периферик томир касалликларининг ривожланиш хавфини келтириб чиқарувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Ҳар йили глобал тамаки эпидемиясидан 7 млн.киши ҳаётдан кўз юмади. Уларнинг 900 мингга яқини бошқалар чеккан тамаки тутунидан заҳарланиш оқибатида вафот этмоқда.

Фото: Шуҳрат Латипов / «Газета.uz»