2018-05-31 16:39:47

O‘ZLIDEP ФРАКЦИЯСИНИНГ НАВБАТДАГИ ЙИҒИЛИШИ БЎЛИБ ЎТДИ

2018 йил 30 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига кирувчи бир қатор масалалар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Йиғилишни фракция аъзолари дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йил якунлари ва 2018 йилнинг биринчи чораги якунлари ижроси тўғрисидаги масалани муҳокама қилишдан бошладилар.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг жорий йил биринчи чорагидаги ижроси 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни ва ривожланиш давлат дастурларини амалга ошириш, мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар натижасида иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик таъминланган. Мамлакатнинг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш Давлат бюджети параметрларида белгиланган йўналишлар доирасида ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширилган.

Жорий йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,1 фоизни ташкил этган, хусусан, қурилиш — 12,2 фоиз, хизматлар кўрсатиш – 4,4 фоиз, савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар — 1,1 фоиз, ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа хизматлари — 7,1 фоиз ўсган.

2018 йилнинг биринчи чорагида мамлакат ташқи савдо айланмаси 7,9 млрд. долларни, унинг ижобий сальдоси 249,4 млн. долларни ташкил этган.

—Мамлакатда олиб борилаётган валюта сиёсати ва ташқи савдо фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳукумат томонидан кўрилган чора-тадбирлар мамлакатимиз иқтисодиётига хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, замонавий технологияларга асосланган ишларни ташкил этиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда, — дейди O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Муродилла Турсунов.— Ҳисобот даврида мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, хусусан замонавий хизмат турларини кенгайтириш, туризм салоҳиятини ошириш, кичик бизнес субъектлари салмоғининг ортиши ҳисобига микрофирма ва кичик корхоналардан Давлат бюджетига тушумлар миқдори 518,7 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2017 йилнинг ушбу даврига нисбатан 30,1 фоиз ўсган.

Мамлакат ўрта синфини — кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг фаолияти учун қулай муҳит яратилиши натижасида 2017 йилда 38,2 мингдан ортиқ кичик бизнес субъектлари ташкил этилишига эришилган.

2018 йилнинг биринчи чораги давомида кўчмас мулк объектларини ва ер майдонларини ялпи хатловдан ўтказиш натижасида солиқ базаси кенгайиб, ресурс тўловлари ва мулк солиғи бўйича Давлат бюджетига 2,4 трлн. сўм маблағ келиб тушган ёки ушбу кўрсаткич 2017 йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробардан кўпга ошган.

Банд бўлмаган аҳолини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига кенг жалб қилиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузурида Жамоат ишлари жамғармаси ташкил этилиши ҳамда унга Давлат бюджетидан 2018 йилнинг биринчи чорагида 70 млрд. сўм маблағ молиялаштирилиши эвазига банд бўлмаган 104,5 минг аҳолига қарийб 46 млрд. сўм иш ҳақи тўланишига имконият яратган.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бюджет маблағларини бошқариш бўйича мустақиллигини ошириш, бюджет ижросининг марказга боғлиқлигини кескин камайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини кафолатланган молиялаштириш манбалари билан таъминлаш бўйича олиб борилган ислоҳотлар натижасида 2018 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий бюджетларга 874,0 млрд. сўм қўшимча даромадлар тушган, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,6 бараварга кўп бўлган. Ушбу маблағлар ўз навбатида маҳаллий бюджетлар ҳисобидан молиялаштирилиши лозим бўлган худудларда мавжуд муаммоларни ва ечими кутаётган масалаларни хал этишга йўналтирилиши кўзда тутилмоқда.

Шу билан бирга, Давлат бюджети маблағларининг мақсадли ишлатилишида ва уларнинг самарадорлигини таъминлашда хали ҳам хатоликларга, жумладан ҳисобот даврида 33 млрд. сўмлик бюджет интизоми бузилишига, 5,1 млрд. сўм миқдорида ўзлаштириш ва талон-тарожликка, 24,8 млрд. сўмлик маблағларни ноқонуний сарфлашга ҳамда 9,2 млрд. сўмлик молиявий хатоликларга йўл қўйилган.

Йиғилишда сўз олган фракция аъзолари Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижросини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш амалиётидан самарали фойдаланиш Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг сайловолди Дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлиш билан бирга, иқтисодиётимизни либераллаштириш ва бозор муносабатларини янада чуқурлаштириш —халқимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилганлиги ҳамда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида парламент назоратини янада кучайтиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтдилар.

Йиғилиш давомида депутатлар томонидан фракция ваколатига кирувчи яна бир қатор масалалар ҳам кўриб чиқилди.

“Туркистон-пресс”