2018-05-31 17:49:34

ЎЗХДП ФРАКЦИЯСИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИНИ МУҲОКАМА ҚИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2017 йилдаги ҳамда жорий йил биринчи чорагидаги ижроси тўғрисидаги масалалар атрофлича таҳлил қилинди.

Мажлисда Ўзбекистон молия вазирининг ўринбосари Дилшод Сатторов маъруза қилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджетининг 2017 йилдаги ижросида ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ишлари молиялаштирилишига алоҳида эътибор қаратди.

Ҳисобот даврида харажатлар Давлат бюджетининг 55,2 фоизини ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 10,9 фоизни ташкил этган.

Бугунги кунда мактабгача таълим муассасаларининг болаларни қамраб олганлик даражаси ўртача 32,8 фоизни ташкил этади. Тарбияланувчилар сони ортиши, озиқ-овқат нархларининг кўтарилиши сабабли ушбу муассасалар учун Давлат бюджетидан жорий йил учун қўшимча 163 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилган.

Йиғилишда сўзга чиққанлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятида ҳам қатор ўзгартиришлар амалга оширилганини алоҳида айтиб ўтишди. Жумладан, қисқартирилган 793 ҚВП қошида қишлоқ оилавий поликлиникалар ва 441 та «103» подстанциялари ташкил этилди. Натижада бирламчи тиббий ёрдам соҳасида тор доирадаги мутахассисларнинг ишлашига кенг имконият яратилди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари 2017 йил бюджети кўрсаткичларида ижтимоий соҳанинг айрим йўналишлари учун режалаштирилган харажатлар миқдори йил давомида камайганини билдиришди.

Шунингдек, жорий йил биринчи чорагида ижтимоий соҳа ва аҳолини қўллаб-қувватлашга ажратилган маблағларнинг қарийб 80 фоизи иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларни молиялаштиришга йўналтирилган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жойлардаги учрашувларида бюджет соҳасидаги камчилик ва муаммолар сабаб аҳоли томонидан эътирозлар бўлаётганлиги, муаммоларни бартараф этишга алоҳида этибор қаратиш лозимлигига алоҳида урғу берилди.

Юқоридагиларни инобатга олиб, фракция аъзолари Давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботларни қўллаб-қувватлади.

“Туркистон-пресс”