2018-05-31 17:52:13

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ” ПАРТИЯСИ ФАОЛЛАРИ ЖАҲОН ЧЕМПИОНЛАРИНИ ҚУТЛАШДИ

30 май куни  Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб “Болаларга ғамхўрлик — оилавий анъана, маънавий қадриятларнинг муҳим манбаи” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.

1 июнь —Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида партия фаоллари ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари партия Марказий Кенгаши раиси Сарвар Отамуратов бошчилигида жорий йил май ойида Россиянинг Москва шаҳрида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган I жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари билан мулоқот қилдилар.

—Бу йил Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида илк маротаба футбол бўйича жаҳон чемпионати ташкил этилди. Ва дастлабки жаҳон чемпиони Ўзбекистоннинг Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари бўлдилар, — дейди жамоа бош мураббийи Жамшид Асадов. —Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, жамоанинг ғалаба қозонишида ўйинчиларнинг руҳий тайёргарлиги муҳим рольўйнади. Финал босқичига етиб келганимизда (Москвада) бизга кўплаб ватандошларимиз қўнғироқлар қилиб омад тилашди, уларнинг орасида  футбол юлдузлари ҳам бор эди. Шунда жамоадаги ўйинчилар тушуниб етидики, орқамизда Ватан турибди. Ва шу туйғу бизни ғолиблик сари етаклади.

Тадбирда таъкидландики, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси болаларга ғамхўрлик каби оилавий анъаналарни жамиятдаги маънавий қадриятларнинг муҳим манбаи, деб ҳисоблайди. Шунга боғлиқ равишда партия болаларнинг руҳий-маънавий дунёсини ва маданий савиясини ўстириб бориш, жисмонан соғлом ва ҳар томонлама баркамол янги авлодни дунёга келтириш ва тарбиялаш учун янада қулай шарт-шароитларни яратишни ўзининг дастурий мақсад-вазифалари сифатида белгилаган.

Учрашувда партиянинг бу борада амалга оширган ишлари тўғрисида иштирокчиларга маълумотлар берилди.

1 июнь —Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган I жаҳон чемпионати ғолибларига Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг эсдалик совғалари топширилди.

“Туркистон-пресс”