2018-05-31 18:02:40

ТИНЧЛИК ВА ФАРОВОНЛИК ЙЎЛИДА БИРЛАШАЙЛИК!

30 май куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати томонидан Қашқадарё вилоятида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.  Бу ҳақда Ўзбекистон “Адолат” СДП ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, Қашқадарё вилоят кенгаши аъзолари ва фаоллари, Қашқадарё  вилояти ИИБ Терроризм ва эктремизмга қарши курашиш бошқармаси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ҳамда “Баркамол авлод”  болалар маркази вилоят бўлимлари вакиллари, кенг жамоатчилик ёшлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб ёшларнинг инновацион лойиҳалар ярмаркаси билан танишдилар. Ёшлар яратган ихтиролар, инновацион ишланмалар иштирокчиларда катта таассурот уйғотди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов иштирокчилар эътиборини бугун амалга оширилаётган ислоҳотларнинг барчаси ҳар бир фуқаронинг манфаатини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш орқали жамиятда тинчлик-хотиржамлик, фаровон муҳитни мустаҳкамлашга йўналтирилганлигига қаратар экан, амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга қарамасдан, юрт тинчлигига раҳна солувчи, шунингдек, маҳалла ва оила тинчлиги, одамларнинг муносиб турмуш кечириши, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда айрим муаммолар мавжуд эканлигини алоҳида таъкидлади.

Жумладан, экстремизм ва терроризм иллатларига ҳамда фуқаролар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш, ёшларнинг ёт ғоялар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш, оилада фарзандларимизни ҳалоллик, поклик ва атроф-муҳитни тоза, озода сақлашга ўргатиш, уларни замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашга, ўз ғоя ва ташаббусларига инновацион нуқтаи назар билан ёндашишга йўналтириш, ўргатиш ва рағбатлантириш лозим. Бу борада мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш, ушбу ҳолатлар бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш энг долзарб вазифадир.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Уставида Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида демократик жараёнларни жадаллаштириш, Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқатли хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш, миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, ҳар қандай миллатчилик, экстремизм, терроризм иллатларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни тарғиб қилиш каби вазифалар белгиланган. Мазкур тадбир юртимиз тинчлигини асраш, фаровонлиги ва ободлигини таъминлаш, ёшларнинг инновацион ғояларини рағбатлантириш, экстремизм ва терроризм иллатларига қарши курашиш, аёллар ва ёшлар жиноятчилиги ва ҳуқуқбузарликлари, ёт оқимлар таъсирига тушиб қолишининг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолатини, ушбу муаммоларни бартараф этиш юзасидан жамоатчилик фикрини ва таклифларини ўрганиш, натижаси бўйича таклифлар киритиш мақсадида ташкил этилди.

Маънавий-маърифий тадбир якунида Қарши Банк коллежи ўқувчиларининг дин ниқоби остида кириб келаётган мафкуравий таҳдидларга қарши ёшларда мустаҳкам иммунитет ҳосил қилишга қаратилган “Ўргимчак тўри” номли саҳна кўриниши намойиш этилди.

“Туркистон-пресс”