2018-05-31 18:15:49

“АДОЛАТ” ПАРТИЯСИ БЕҒАРАЗ ДОНОРЛИК АКЦИЯСИНИ ЎТКАЗАДИ

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан беғараз донорлик акцияси ўтказилади.

Тадбирни ўтказишдан мақсад — тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Албатта, беғараз қон топшириш, бирор-бир инсон ҳаётини сақлаб қолиш —инсоннинг инсонга тақдим этган олий даражадаги совғасидир. Ҳаёт бахш этиш —савоб ишларнинг олий ифодасидир.

Бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ишга бел боғлаган ҳамшаҳарларимизни жорий йилнинг 1 июнь куни соат 11:00 дан 14:00 га қадар Гематология ва қон қуйиш илмий-тадқиқот институтига таклиф этамиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Ахборот хизматидан маълум қилишларича, ушбу акция нафақат Тошкент шаҳрида, балки Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳам шу куннинг ўзида ташкил қилинади.

 

“Туркистон-пресс”