2018-05-31 19:34:55

ЭЛИС УЭЛЛС: ШАВКАТ МИРЗИЁЕВНИНГ ТАШРИФИ КУТИЛГАНИДАН ҲАМ ЗИЁДА БЎЛДИ

АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс Президент Шавкат Мирзиёевнинг ушбу мамлакатга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича ташкил этилган навбатдаги матбуот брифингида шулар ҳақида яна бир бор тўхталиб ўтди. Бу ҳақда “Халқ сўзи” онлайн хабар берди.

“Бизнинг фикримизча, Президент Шавкат Мирзиёевнинг икки ҳафта олдин Вашингтонга амалга оширган давлат ташрифи том маънода тарихий ва янги имкониятларни очиб берди”, - деди у.

Унинг айтишича, мазкур ташриф АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликда янги даврни, шунингдек, Шавкат Мирзиёев раҳбарлигидаги Ўзбекистонни дунё аренасига қайтишини англатади.

“Ушбу сафар Ўзбекистоннинг нафақат икки томонлама муносабатлар, балки Марказий Осиё, қолаверса, Афғонистон ва бутун дунёдаги алоқаларни мустаҳкамлашдаги беқиёс салоҳиятини намоён этди деб ўйлайман. Фикримча, Шавкат Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастурини илгари суриш учун қабул қилаётган тарихий қадамлари ушбу ташрифнинг позитив характерини шакллантириб берди”, - деди АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари​​.

Элис Уэллс Президент Трамп, АҚШ ҳукумати раҳбарлари, қолаверса, Давлат котиби, Мудофаа вазири ва Конгресс аъзолари билан учрашувлар чоғида Ўзбекистон давлати сиёсий маҳбусларни озод қилиш, дин эркинлигини кенгайтириш, мажбурий меҳнатни қисқартириш, фуқаролик жамияти ва фуқароларнинг ҳукуматга чиқиш имкониятларини яхшилаш бўйича сезиларли ўсишга эришгани таъкидланиб, юқори баҳоланганига урғу берди.

“Ташриф давомида кўплаб йўналишларда ўсишга эришилди. Биринчиси Ўзбекистон билан биргаликда ислоҳотлар дастурини илгари суриш бўйича саъй-ҳаракатлар: Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича кўп сонли гуруҳлар вакилларини қайтиб келиб, аккредитация билан ўз ваколатхонасини очишни таклиф қилди, “Америка овози”, “Uzbek Language Service” шулар жумласидандир. Президент Шавкат Мирзиёев дин эркинлигига кўмак бериш бўйича мулоқот ўтказишга қизиқиш билдирди”, - деди у.

Юқори мартабали дипломат ўзаро имзоланган кўп сонли битимлар орасида ФҚБ билан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ўртасида эришилган келишувга тўхталиб ўтди. Унда суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари учун “йўл харитаси” ишлаб чиқиш ва хавфсизлик секторини ислоҳ этиш бўйича ҳамкорлик назарда тутилган.

“Биз Тошкент шаҳрида 2018 йилда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё савдо форумини қўллаб-қувватламоқчимииз. Бизда Ўзбекистон энергетика саноатини ривожлантириш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, Савдо вазирлигидан Ўзбекистонга Америка компанияларини жалб этиш бўйича ишбилармонлик уюшмаларингиз билан ишлашда қўл келадиган дастурларни олиш имконияти мавжуд”, - деди сиёсатчи.

У Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича саъй-ҳаракатларига юқори баҳо бериб, бу интеллектуал мулк ҳуқуқини кенгайтиришига хизмат қилиши, бундан мазкур мамлакатга инвестиция киритишни истаётган америкалик ишбилармонлар ҳам манфаатдор эканлигини қайд этди.

Элис Уэллс Президент Трамп ва Давлат котиби Помпео Ўзбекистон раҳбарининг яхши қўшничилик сиёсати, мамлакатни Марказий Осиё минтақаси ва бутун дунё жамоатчилигига очиб берганини алоҳида олқишлагани ҳақида айтиб ўтди. Бу борада Афғонистонда тинчлик ўрнатиш масалаларига бағишлаб Тошкентда бўлиб ўтган ва ўзи иштирок этган нуфузли халқаро конференция муҳим роль ўйнаганини таъкидлади.

Сиёсатчи, ўз навбатида, икки давлат фуқаролари, жумладан, талабалар, тадбиркорлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш, “халқ дипломатияси”ни ривожлантириш ўзаро ҳамкорликда муҳим аҳамият касб этишини гапириб берди:

“Менга иккита битимни имзолаш жуда ёқимли бўлди: улардан бири талабалар алмашинуви ва илмий-тадқиқот йўналишида ҳамкорлик қилишга кўмаклашса, иккинчиси Ўзбекистонда талабалар, журналистлар, мутахассисларга инглиз тилини ўқитиш, ўқитувчилар тайёрлаш, фуқаролар ўртасидаги мулоқотни енгиллаштирувчи бошқа имкониятларни қамраб олган дастурларни молиялаштиришдир ”.

“Хулоса ўрнида айтишни истардимки, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи кутилганидан ҳам зиёда бўлди. Президент делегацияси кетганидан икки ҳафта ўтар-ўтмас давлатимиз раҳбарлари муҳокама қилган истиқболли мақсадларни амалга ошириш бўйича “йўл харитаси” устида иш олиб бормоқдамиз. Биз стратегик шериклик учун янги парадигмани тез суръатларда яратишга умид қиламиз”, - деди у.

У, шунингдек, журналистлар берган саволлардан келиб чиқиб икки давлат ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳақида ҳам фикр билдирди:

“Ўзбекистон билан ҳарбий ҳамкорлик доирасида унга охирги беш-олти йил ичида чегаралар хавфсизлигини мустаҳкамлаш ва наркотикларнинг ноқонуний айланиши ҳамда терроризмга қарши курашиш салоҳиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор мудофаа маҳсулотлари етказиб бердик”. Унинг сўзларига кўра, минага қарши ҳимояланган автотранспорт воситалари, патрул катерлари, уларнинг эҳтиёт қисмлари шулар жумласидандир.

Эллис Уэллс ИШИД террорчилик ташкилоти билан боғлиқ хавф-хатарларга ҳам муносабат билдирди:

“АҚШ ИШИДнинг Сурияда ҳам, Ироқда ҳам, шу жумладан, Афғонистонда ҳам бутунлай тор-мор этилишининг тарафдоридир. Шубҳасиз, террорчи жангариларнинг минтақага қайтиб келмаслиги ва уни беқарор қилмаслигини таъминлаш соҳаси АҚШ ва Ўзбекистоннинг ўзаро манфаатларини ҳам ифодалайди. Биз Марказий Осиё чегаралари хавфсизлигини таъминлаш учун 90 миллион доллар маблағ йўналтирдик ва 200 дан ортиқ ўқув машғулотлари ўтказдик, хорижий жангариларни қайтиб келишидан муҳофазаланишни таъминлаш бўйича Марказий Осиё давлатлари саъй-ҳаракатларини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида 2600 дан зиёд чегарачи тайёрлаб бердик”.

У “С5” форматида раҳбарлар ва экспертлар терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши курашиш масаласида жуда фойдали мулоқот йўлга қўйилганини эътироф этди ва шундай деди:

“Президент Шавкат Мирзиёевнинг мазкур мавзуни муҳокама қилиш учун Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларини биргаликда йиғиши, жумладан, ўтган йил ноябрь ойида хавфсизлик ва барқарор ривожланиш бўйича бўлиб ўтган конференцияни ҳам ҳисобга олган ҳолда, катта аҳамият касб этди”.

Ўз навбатида дипломат Ўзбекистонда журналистлар, диний маҳбусларнинг озод этилиши, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга чек қўйиш бўйича олиб борилган чора-тадбирлар халқаро дунё жамоатчилиги, хусусан АҚШда, халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари орасида ижобий кутиб олингани, юқори баҳоланганини билдирди.

Манба: xs.uz

Сурат: president.uz