2018-06-04 17:25:44

“АДОЛАТ” ПАРТИЯСИ БЕҒАРАЗ ДОНОРЛИК АКЦИЯСИНИ ЎТКАЗДИ

Мамлакатимизда ҳар йил 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан болажонларимиз учун турли байрам тадбирлари, учрашувлар, акциялар ўтказиш анъанага айланган.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ушбу кун муносабати билан жойларда юқоридаги каби тадбирлар қаторида республикамизнинг барча ҳудудларида тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишга қаратилган хайрия акциясини ўтказди.

“Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳамда Тошкент шаҳридаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ўтказилган мазкур беғараз донорлик акциясида турли касалликлар ёки бахтсиз ҳодисалар туфайли қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли ишга бел боғлаган юртдошларимиз ихтиёрий равишда қон топширдилар.

Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида бўлиб ўтган ана шундай акцияда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ходимлари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, ҳудудий партия ташкилотлари фаоллари, “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, хайрихоҳлар ҳамда бошқа кўнгилли фуқаролар фаол иштирок этишди.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон “Адолат” СДП мамлакатимизда барча соҳаларда изчиллик билан олиб борилаётган ислоҳотлар жараёнида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, турли фавқулодда вазиятларда аҳолига тезкор ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.

Партиянинг ушбу дастурий мақсадлари доирасида ташкил этилган донорлик акцияси давомида 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган, 55 килограмдан ошиқ вазнга эга Ўзбекистон фуқаролари донор сифатида иштирок этишди. Тадбирда аёлларда гемоглабин даражаси 120, эркакларда эса 130 дан юқори бўлиши каби талабларга жавоб берадиган соғлом аёллар ҳар уч ойда, эркаклар икки ойда бир марта донорлик қилишлари мумкинлиги ва бир неча маротаба тиббий ҳамда қон текширувидан ўтишлари лозимлиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти мутахассислари, масъул тиббиёт ходимлари томонидан қон топшириш имкониятлари ҳамда хавфсизлиги, унинг бошқа инсонлар ҳаётига зарурлиги ҳамда саломатлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида тушунчалар берилди.

Тадбир доирасида, шунингдек, партиянинг Тошкент шаҳар кенгаши томонидан Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида даволанаётган беморларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, маънавий дунёқарашини бойитиш мақсадида алоҳида кутубхона ташкил этилиб, унга 300 дан ортиқ китоблар ва шахмат-шашка жамланмалари совға қилинди.

Акция давомида беғараз қон топширган донорларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди. 

“Туркистон-пресс”