2018-06-04 17:30:05

ВОДИЛДА КУРАШ БЎЛДИ БИР БОШҚАЧА

Фарғона тумани Водил қишлоғидаги  аҳоли дам олиш истироҳат боғининг  “Чинор таги” деб ном олган майдонида 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан ҳамда шу қишлоқда туғилиб вояга етган, мухлислар қалбидан жой олган, ўз даврининг номдор полвонлари бўлган  Ҳамид ва Темир полвонлар хотираси  учун   1-2 июнь кунлари  белбоғли кураш ва кураш бўйича анъанавий республика очиқ турнири бўлиб ўтди.

Мазкур очиқ турнирда мамлакатимиз ва қўшни  Қозоғистон, Қирғизистон,  Тожикистон Республикаларидан 200 га яқин  полвонлар иштирок этишди. Турнирда полвонлар белбоғли кураш бўйича 55, 60, 66, 73, 81, 90, 100, +100 ва мутлоқ вазн тоифаларида, кураш бўйича  эркаклар 66, 73, 81, 90, +90 ва мутлоқда , аёллар эса 52, 63 ҳамда +63 кг. вазн тоифаларида беллашишди.

Мусобақанинг биринчи куни дастлаб очилиш маросими бўлиб ўтди. Тантанали тарзда ўтган очилиш маросимида табрик учун сўз олган меҳмонлар йиғилганларни  1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни билан қутлаб, спортчиларга омад тилашди. Ҳамид полвон ва Темир полвонларнинг босиб ўтган ибратли умр йўллари  ҳақида тўхталиб ўтишди. Бадиий жамоаларнинг куй-қўшиқлари, таниқли аскиячиларниннг “ичак узди” ҳангомалари   байрамга ўзгача кўтаринкилик бахш этди. Шундан сўнг    ўрнатилган иккита кураш гиламида бир вақтнинг ўзида ҳар иккала спорт тури бўйича беллашувларга старт берилди.

1 июнь куни мухлислар полвонларнинг ярим финалгача бўлган беллашувларини зўр қизиқиш билан томоша қилишди. Ярим финалгача бўлган баҳсларда белбоғли курашчилардан андижонлик Ҳусниддин Рўзиев, Илҳомжон Машрабов, фарғоналик Шерзод Раҳимов, Ислом Қўлдошев, Муҳаммадали Мамажонов, тошкентлик Зайлобиддин Ортиқов, курашчилардан Жонибек Қозоқов (Самарқанд), Толибжон Комилов (Фарғона), Қалжан Деюсенбаева (Қозоғистон), Эрсултон Музаффаров (Қозоғистон) сингари номдор полвонларнинг чиқишлари, рақибларига нисбатан қўллаган усуллари белбоғли кураш ва кураш шайдоларининг олқишларига, эътирофларига  сазовор бўлди.

2 июнь куни эрталабдан бошланган  беллашувларда бирин-кетин энг кучли полвонлар  номи маълум бўла бошлади. Турнирни ташкил этилишида жонбозлик кўрсатиб келаётган Турсунали полвон Мамажонов финалга йўл олган полвонлар ва уларнинг мураббийларини  мухлисларга таништириб борди.

Демак, ғолиб спортчилар билан танишамиз.

Белбоғли кураш

Эркаклар:  -55 кг. 1. Ҳусанбой Носиров (Андижон), -60 кг. 1. Мурод Ҳомидов (Наманган), -73 кг. 1. Ҳусниддин Рўзиев (Андижон), -81 кг. 1. Камоллиддин Маҳкамов (Фарғона), -90 кг. 1. Ислом Қўлдошев (Фарғона), -100 кг. 1. Зайлобиддин Ортиқов (Тошкент ш.), +100 кг. ва мутлоқ вазнда Шерзод Раҳимов (Фарғона).

Кураш  

Эркаклар:-66 кг. 1. Толибжон Комилов (Фарғона), -73 кг. 1. Раҳматилло Нуриддинбеков (Андижон), -81 кг. 1. Жонибек Қозоқов (Самарқанд), -90 кг. 1. Эрсултон Музаффаров (Қозоғистон), +90 кг. 1. Мансур Шералиев (Андижон). Мутлоқ вазн. 1. Элнур Бўриев (Фарғона).

Қизлар:-52 кг. 1. Зарнигор Раҳмиддинова (Фарғона), -63 кг. 1. Улжан Деюсенбаева (Қозоғистон), +63 кг. 1. Қалжан Тайжанова (Қозоғистон).

Беллашувлар якунига етгач, ғолиб ва совриндор спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Кучли учликдан жой олган полвонлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Илҳом РАҲМОНОВ,

“Туркистон-пресс” мухбири

 Водил қишлоғидан махсус тайёрлади.