2018-06-05 14:54:08

ЎЗБЕКИСТОН ВА ХИТОЙ ОАВ СОҲАСИДА АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИНИ ИМЗОЛАДИ

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Собиржон Шукуров бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Биринчи медиа-саммитида иштирок этиш мақсадида Хитой пойтахти Пекинда бўлиб турибди.

2018 йил 1 июнь куни Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги ва ХХР Давлат кенгаши Матбуот девонхонаси ўртасида ОАВ соҳасида беш йилга мўлжалланган англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда ЎзМАА Ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур ҳужжатда ҳар икки давлат ОАВлари, нашриётлари ўртасидаги алмашинувлар ва ҳамкорлик, жумладан, журналистлар ва тасвирга олиш гуруҳларини долзарб мавзулар бўйича ахборот материалларини тайёрлаш, ОАВ ташкилотлари, шунингдек, уларнинг ваколатхоналари ва мухбирлик пунктларини очиш, ОАВ вакиллари иштирокида танловлар, семинарлар ва симпозиумлар ўтказиш, мамлакатлар ҳудудида ўтказиладиган турли тадбирларни ёритиш сингари вазифалар ўрин олган.

Шу куни делегациялар раҳбарларининг маърузалари тингланди. Унда чиқиш қилган Собиржон Шукуров бугунги кунда Ўзбекистонда ОАВ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ЎзМААнинг фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтди.

Шунингдек, ХХРнинг етакчи давлат корхонаси — «Синьхуа» ахборот агентлиги вакили Ўзбекистон Республикасида ўз мухбири эгалигини таъкидлаб, медиа маҳсулотлари айрибошлаш бўйича яқин ҳамкорлик қилишдан ҳар икки томон ҳам манфаатдорлигини маълум қилди.

Фото: ЎзМАА