2018-06-05 15:06:08

САМАРҚАНДДА МИРЗО УЛУҒБЕК НОМИДАГИ ХАЛҚАРО ОЛИМПИАДА ЎТКАЗИЛАДИ

2018 йил 19-23 июнь кунлари Самарқанд шаҳрида илк маротаба умумий ўрта таълим мактабларининг 10-11-синф ўқувчилари ўртасида физика ва астрономия фанларидан Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиада ўтказилади.

Юртимизда ушбу нуфузли халқаро олимпиадани ташкил этиш ташаббуси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил март ойида Самарқанд шаҳрига қилган ташрифи давомида маҳаллий аҳоли фаоллари билан учрашувда илгари сурилган эди.

Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадани ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад буюк аждодларимизнинг жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссасини халқаро миқёсда тарғиб этиш, иқтидорли ўқувчилар учун хорижий мамлакатлардаги тенгдошлари билан дўстона рақобат муҳитини яратишдан иборат.

Мустақиллик йилларида иқтидорли ўқувчилар 50 дан ортиқ турли халқаро олимпиадаларда иштирок этиб, 300 га яқин медални қўлга киритган бўлсада, бироқ шу кунга қадар Ўзбекистон ўзининг нуфузли халқаро олимпиадасига эга бўлмаган. Самарқандда ўтказилаётган ушбу халқаро олимпиада тарихнинг янги саҳифаси бўлиб, мамлакатимизнинг дунё ҳамжамиятида нуфузи тобора ортиб бораётганини кўрсатади.

Мирзо Улуғбек номидаги халқаро олимпиадада дунёнинг қатор давлатидан иқтидорли ўқувчилар иштирок этиши кутилмоқда. Унда ҳар бир иштирокчи давлатдан 6 нафар ўқувчи (3 нафари физика, 3 нафари астрономия фанидан) ҳамда икки нафар жамоа раҳбаридан иборат гуруҳ иштирок этиши белгиланган.

Халқаро олимпиада икки босқичда: назарий ва экспериментал босқичда ўтказилиб, олимпиада материаллари ўзбек, рус ва инглиз тилларида тайёрланади.

Ҳакамлар ҳайъати физика ва астрономия фанларидан дунёнинг таниқли халқаро даражадаги экспертлари, МДҲ давлатларининг профессор-ўқитувчилари ва юртимизнинг тажрибали олимлари, маҳоратли амалиётчи ўқитувчиларидан  иборат.

Халқаро олимпиада иштирокчиларига юртимизнинг туризм салоҳияти намойиш этилиб, Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилади.

Халқ таълими вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, ушбу халқаро олимпиадада ғолибликликни қўлга киритган ўзбекистонлик ўқувчилар олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга кириш ҳуқуқини қўлга киритади.

“Туркистон-пресс”