2018-06-05 15:08:38

ҚАРИЯЛАР ВА НОГИРОНЛИГИ БЎЛГАН ШАХСЛАРГА БИОМЕТРИК ПАСПОРТ УЙДА РАСМИЙЛАШТИРИБ БЕРИЛАДИ

Бу давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 1 июндаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ПФ–5454-сон Фармонида назарда тутилган. Бу ҳақда Norma.uzхабар берди.

Энди ўзгалар ёрдамига муҳтож қариялар ва ногиронлиги бўлган шахсларга фуқаронинг биометрик паспорти ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг ҳаракатланиш ҳужжатини расмийлаштириш ва бериш белгиланган тартибда ушбу шахсларнинг доимий яшаш ёки бўлиш жойига борган ҳолда амалга оширилади. Уларнинг маълумотлар йиғиш пунктига[1] боришлари талаб этилмайди.

Бунинг учун тегишли мурожаатни тақдим этиш зарур.

Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисидаги низом ҳамда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги бўлмаган шахсларининг биометрик ҳаракатланиш ҳужжати тўғрисидаги низомга (5.01.2011 йилдаги ПФ–4262-сон Фармонга 1 ва 2-иловалар) тузатишлар киритилди.

Эндиликда Давлат персоналлаштириш маркази сайтининг «Интерактив хизматлар» бўлимида биометрик паспорт ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳаракатланиш ҳужжатини олиш учун электрон навбатга туриш мумкин.

Мурожаатга 1 иш куни давомида ишлов берилиб, аризачига SMS-хабар орқали банд қилинган навбат санаси ҳамда вақти тўғрисида ахборот келади. Шу ернинг ўзида ариза-анкета бланкасини тўлдириб, қоғозга чиқариш ёки тўлдирилмаган бланкани қоғозга чиқариш мумкин.

Илгари ИИВ эслатиб ўтганидек, паспортга эга бўлиши шарт бўлган фуқаронинг паспортсиз ёки ҳақиқий бўлмаган паспорт билан яшаганлиги учун ЭКИҲнинг 1/2 бараваридан 3 бараваригача миқдорда (материални эълон қилиш пайтида – 86 120 сўмдан 516 720 сўмгача) жарима солинади. Худди шундай қонунбузарлик бир йил давомида такроран содир этилганда эса – 5 ЭКИҲ (материални эълон қилиш пайтида – 861 200 сўм).