2018-06-05 15:12:01

ТОШКЕНТДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ХАЛҚАРО ЭКОЛОГИЯ ФОРУМИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида “Атроф-муҳитни ҳимоялаш ва барқарор ривожланиш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш” мавзуида Марказий Осиё халқаро экология форуми ўз ишини бошлади. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

 Маълумки, ҳар йили 5 июнь — Жаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни сифатида дунё миқёсида кенг нишонланади. Айни шу санага бағишлаб ташкил этилган ушбу форумда Марказий Осиё ва Афғонистоннинг экология бўйича идоралари, халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Ҳукумати, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва Марказий Осиё минтақавий экология маркази ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур халқаро форум кун тартибида қўриқланадиган табиий ҳудудларнинг биохилма-хиллигини сақлаш ва уларнинг тармоғини ривожлантириш, қаттиқ маиший чиқиндиларни комплекс бошқариш, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергосамарадорлик масалалари бўйича маърузалар, тақдимотлар ва муҳокамалар тарзида давом этади.

Шунингдек, форум доирасида «Ўзэкспомарказ» павильонларида дастлабки ихтисослаштирилган кўргазма ташкил этилди.

Фото: Халқаро пресс клуб