2018-06-05 15:15:50

ЖАЖЖИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ

Мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини янада яхшилаш, унинг моддий-техника  базасини юксалтириш мақсадида изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал вазифасини ўтаётир.

Айни дамда, жойлардаги мактабгача таълим муассасаларида ушбу қарор ижросини таъминлаш, бунинг баробарида, жажжи болажонларни жисмонан соғлом, маънан баркамол руҳда вояга етказишга жиддий эътибор қаратилмоқда.  Жумладан, Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида фаолият юритаётган 14-сон мактабгача таълим муассасасида диққатга сазовор ишлар амалга ошириляпти. Изланувчан педагог Дилрабо Рўзметова раҳбарлик қилаётган мазкур даргоҳнинг таълим-тарбия жараёнида  замонавий ва илғор педагогик  услуб ҳамда технологиялардан фойдаланилаётгани ўғил-қизларнинг вақтларини мазмунли ва мароқли ўтишини таъминламоқда.

Бинобарин, бу ерда 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳам кенг нишонланди. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан уюштирилган байрам тадбири  нафақат болажонларнинг ўзларига, уларнинг ота-оналарига ҳам унутилмас, қувончли лаҳзаларни туҳфа этди.

— Қизим Зумрад бир неча ойдан буён ушбу таълим масканига қатнайди, — дейди Қундуз Авазова. —  Бу масканда болажонлар учун яратиб берилган шарт-шароитлар киши ҳавасини келтиради.  Бугунги байрам тадбири бунинг яққол исботи саналади.  Ваҳоланки, тарбияланувчилар томонидан тайёрланган ҳар бир дастур  қалбимизга хурсандчилик  онларини бағишлади. Очиғи, улар ижросидаги саҳна кўринишлари,   ўзбек, рус ва инглиз тилларида ўқиган шеърлари, куйлаган қўшиқлари бизни ҳайратга солди.

                                                                                  Икром  ХУДОЙБЕРГАНОВ,

“Туркистон-пресс”