2018-06-06 15:21:31

ШҲТ САММИТИДА ВЛАДИМИР НОРОВ НОМЗОДИ БОШ КОТИБ ЛАВОЗИМИГА ТАСДИҚЛАНИШИ МУМКИН

2018 йил 9-10 июнь кунлари Хитойнинг Циндао шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) саммитида Ўзбекистондан Владимир Норов номзоди ШҲТнинг янги бош котиби сифатида тасдиқланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Kun.uzхабар берди.

 Таъкидлаш лозимки, мазкур саммит биринчи марта Ҳиндистон ва Покистон вакилларининг янги аъзо давлатлар сифатидаги иштирокида ўтказилади. Бу ҳақда Россия Федерацияси Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков журналистлар учун 4 июнь куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, деб ёзмоқда РБК.

Саммитда, Ушаковнинг сўзларига кўра, ШҲТнинг янги Бош котиби тасдиқланиши режалаштирилган. Ҳозир бу лавозимни Тожикистон вакили Рашид Алимов эгаллаб турибди. Етакчилар Ўзбекистон вакили Владимир Норовни бош котиб лавозимига тайинлаш тўғрисида келишиб олишлари кутилмоқда. Унинг номзоди 24 апрель куни бўлиб ўтган музокараларда ШҲТга аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирлари томонидан мувофиқлаштирилди. Агар тасдиқланадиган бўлса, у Шанхай ҳамкорлик ташкилоти котибиятини 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб 2021 йил 31 декабригача бошқаради.

Норовнинг ўзи янги лавозимга номзод қилиб кўрсатилгани ҳақида изоҳ бермаяпти. «Бу ҳақида гапиришнинг ҳозирча вақти эмас», —деди у Kun.uz мухбирига.

Эслатиб ўтамиз, ҳозирда Владимир Норов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори лавозимида фаолият кўрсатмоқда.

Фото: uzdaily