2018-06-06 15:27:37

УМИД АҲМАДЖОНОВ ЯПОНИЯДА САМАРАЛИ УЧРАШУВЛАР ЎТКАЗМОҚДА

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов Токиода бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик ишлари билан бевосита танишиш, мусобақа ташкилий қўмитаси раҳбарлари билан учрашиш мақсадида Японияга ташриф буюрди. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар берди.

Бугун МОҚ раҳбари кунчиқар юртда 2020 йилги Токио Олимпия ва Паралимпия ўйинларини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитаси ва мамлакат спорт ассоциацияси вице-президенти, Япония вакиллар Палатаси аъзоси Тошиаки Эндо билан учрашди. Учрашув давомида томонлар Олимпия ва Паралимпия ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик, ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, ташкилий ва бошқа масалалар бўйича фикр алмашишди.

«Токиодаги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон катта спорт делегацияси билан иштирок этишни режалаштирмоқда. Зиммамизда айни пайтда қандай масъулият турганини жуда яхши ҳис қилиб турибмиз. Мақсадимиз — Риодаги Олимпия ўйинларидан ҳам яхшироқ натижа қайд этишдир. Биз навбатдаги Олимпия ўйинларига тайёргарликни аллақачон бошлаб юборганмиз. Ўйинлар бошланишига яқин мамлакат иқлимига, маҳаллий шарт-шароитга мослашиш мақсадида спортчиларимиз учун айнан Японияда ўқув-машғулот йиғинлари ташкил қилиб бериш фойдадан ҳоли бўлмайди. Бу масалада бизга ёрдам берасиз деган умиддаман», —деди Ўзбекистон МОҚ президенти учрашув чоғида.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов Тошиаки Эндога Миллий олимпия қўмитаси номидан эсдалик совғасини ҳам топширди.

Эслатиб ўтамиз, Токиога сафари давомида Умид Аҳмаджонов, шунингдек, Япония Миллий олимпия қўмитаси президенти Цунэкадзу Такэда билан ҳам учрашади. Томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, яқинлашиб келаётган Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик юзасидан ўзаро фикр алмашадилар.

 “Туркистон-пресс”