2018-06-06 15:48:36

O‘ZLIDEP ТАШАББУСИ БИЛАН ДИЛНОЗА ҲАМДАМОВА АРЗОН УЙ-ЖОЙГА ЭГА БЎЛАДИ

Жорий йил 27 январь куни O‘zLiDeP Пайариқ туманкКенгаши томонидан “Ғаллакор” МФЙ ҳудудидаги Халқобод хизмат кўрсатиш ва сервис коллежида  сайёр қабул ташкил этилган эди.

Сайёр қабулда “Кўлтўсин” МФЙга қарашли “Ўртатўсин” қишлоғида яшовчи 70 ёшли Зарбуви аянинг арзи кўпчиликнинг диққатини тортган эди. Онахон 1984 йилда туғилган, болаликдан ногирон Дилноза Ҳамдамованинг ногиронлик аравачаси фойдаланишга яроқсиз бўлиб қолганидан шикоят қилганди.

“Отасининг вафотига ҳам 4 йил бўлди. Ҳозир ўғлимнинг қарамоғида яшаяпмиз. Ўзим қариб қолдим, ишлашга кучим етмайди. Қизим  ногиронлик аравачасига муҳтож, шунга амалий ёрдам беришингизни сўрайман”, деган эди онахон ўша сайёр қабулда. 

O‘zLiDePСамарқанд вилояти кенгаши матбуот котиби Бахтигул Қаршиеванинг маълум қилишича, мазкур масалани ҳал этиш борасида Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан Пайариқ туман ҳокимлигига депутатлик сўрови юборган. Сўровга жавобан, партия вилоят кенгашига Пайариқ туман ҳокимлиги томонидан Д.Ҳамдамовага туман соғлиқни сақлаш бирлашмасига қарашли ижтимоий ёрдам бўлими томонидан ногиронлик аравачаси берилганлиги ҳақида жавоб хати келди.

Хатда, шунингдек, Дилноза Ҳамдамова Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги “2017-2021 йилларда қишлоқ жойларида янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қурилиши дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2019 йил дастурига кўра, туманда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган арзон уй-жойларни олувчилар рўйхатига қўйилганлиги маълум қилинган.

 

 “Туркистон-пресс”