2018-06-06 16:21:58

ЎЗБЕКИСТОН АФҒОНИСТОНГА ИНСОНПАРВАРЛИК ЁРДАМИ ЖЎНАТДИ

Жорий йил 5 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев қарори билан Афғонистон Ислом Республикасига Ўзбекистондан 3 минг тонна буғдой инсонпарварлик ёрдами сифатида юборилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Хабарда қайд қилинишича, қўшни Афғонистоннинг қурғоқчиликдан азият чекаётган аҳолиси учун ажратилган инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон темир йўлларининг “Шўрчи” бекати орқали Ҳайратонга етказилди.

2017 йилнинг сўнгги ойлари ва 2018 йил бошларида Афғонистон ҳудудининг учдан икки қисмида қурғоқчилик кузатилди. Оқибатда буғдой ҳосили кескин камайиб кетди. Маълумотларга кўра, табиий офатдан Афғонистоннинг 2,3 миллион аҳолиси азият чекиши эҳтимоли бор.

Жорий йил 28 май куни Афғонистон Президенти Ашраф Ғани мамлакатнинг 34 вилоятидан 16 таси қурғоқчиликдан азият чекаётганини маълум қилиб, дунё ҳамжамиятини инсонпарварлик ёрдами кўрсатишга чақирган эди. Унинг сўзларига кўра, мамлакатнинг кўпгина сув омборлари қуриб қолган. Табиий офат, асосан, мамлакатнинг Шимолий қисмида кузатилмоқда.

Ўзбекистон қўшни давлатнинг чақириғига биринчилардан бўлиб жавоб берди, қардош давлат аҳолисига ёрдам қўлини чўзди. Афғонистонга 3 минг тонна буғдой билан биргаликда болалар учун кийим-кечак ҳам жўнатилди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан Афғонистонга 25 автобус, 3 трактор ва тиркама техника воситалари ҳадя қилинган эди. Шунингдек, мамлакатимиз кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабель линиялари, сув таъминоти тармоқлари барпо этилди.