2018-06-06 17:07:18

ЎЗМТДП ДЕПУТАТЛАРИ ҚУВВАТ БЕРУВЧИ ИЧИМЛИКЛАР РЕКЛАМАСИНИ ТАҚИҚЛАШ БЎЙИЧА ТАКЛИФ БИЛАН ЧИҚМОҚДА

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги  вакиллари энергетик ичимликлар истеъмолини тартибга солиш борасидаги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйиш ташаббусини илгари сурмоқда.

Мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 2 декабрдаги «Қонун ҳужжатларининг тадбиркорлик фаолиятига таъсирини баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Интерактив давлат хизматлари ягона портали — regulation.gov.uzга ҳам оммавий муҳокама учун жойлаштирилди. Шунингдек, партиянинг www.mt.uz сайтида кенг жамоатчилик бу борада ўз фикрларини қолдирган. 


Отабек Раҳматов қувват берувчи ичимликларни ижтимоий тармоқларда ҳам реклама қилишни тақиқлаш бўйича, Фарҳод Қурбанбаев эса қувват берувчи ичимликлар рекламасини тамаки ва алкогольмаҳсулотлар каби умуман тақиқлаш бўйича таклиф билдирган. 

Шунингдек, Тошкент ва Бухоро шаҳридан бир гуруҳ (8 нафар) фуқаролардан ёзма мурожаатлар ҳам келиб тушган. Унда, қувват берувчи ичимликлар ёшлар орасида урфга айланганаётгани, соғлиқ учун зарарли оқибатлари, 18 ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан реализация қилишни тақиқлаш лозимлиги таъкидланган.


Бундан ташқари, қонун лойиҳаси маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари томонидан қизғин муҳокама этилди. Хусусан, www.mail.ruwww.ru.sputniknews-uz.comwww.kun.uz,www.daryo.uz,www.gazeta.uz ахборот порталларида чоп этилган мақолалар билан 400 мингга яқин киши танишган бўлса, facebook.com ижтимоий тармоғи орқали ўтказилган муҳокамаларда 100 га яқин иштирокчилар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан тайёрланиб, кенг муҳокамага қўйилган қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланиб, уни қабул қилиш зарурлиги ҳақида ижобий фикрлар билдирилган.

Шунингдек, ЎзМТДП ташкилотларига ёзма ва электрон шаклда 380 дан ортиқ қўллаб-қувватловчи фикр-мулоҳазалар келиб тушган.

“Туркистон-пресс”