2018-06-07 12:04:24

“PAYPAL” ТЎЛОВ ТИЗИМИ ЎЗБЕКИСТОНДА ИШГА ТУШИШИ МУМКИН

“PayPal” тўлов тизими яқин ойлар ичида Ўзбекистонда ишга тушиши мумкин. Маълум бўлишича, компания Ўзбекистон билан ҳамкорликка катта қизиқиш билдирмоқда, деб хабар берди “Spot”.

UzCard компанияси Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдираётган PayPal билан музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда компания директори Аҳрор Маҳмудов “Spot”интернет-нашри билан суҳбатда маълум қилган.

Директорга кўра, компания аллақачон Qiwi, “Яндекс.Деньги” ва Webmoney пул ўтказиш тизимлари билан келишувга эришиб бўлган.

“Ўйлашимча, тез орада PayPal билан шартнома имзолаймиз. Буни жуда кўпчилик, айниқса,мамлакатимиз ёшлари кутишмоқда. Бундан ташқари,Ўзбекистонга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун ҳам бу тизим орқали тўловларни амалга ошириш осон бўлади. Ишонч билан айтишим мумкинки, яқин бир ой ичида биз тўрттала сервисдаги кармонларни сўм билан тўлдириш имконини берувчи хизматларни ишга туширамиз”, деган Аҳрор Маҳмудов.

PayPal, Qiwi, “Яндекс.Деньги” ва Webmoney’даги онлайн-кармонларни нақд пул билан, терминаллар ва инфокиосклар орқали, шунингдек, UzCard картасини улаб қўйиш орқали онлайн-режимда ҳам тўлдириш мумкин бўлади. Хизмат ҳақи 1 фоиз атрофида бўлиши айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон «PayPal»га уланмаган Марказий Осиёдаги ягона мамлакат ҳисобланади.

Фото: «Spot»