2018-06-07 12:10:05

ТОШКЕНТДА ХАЛҚ АМАЛИЙ САНЪАТИ УСТАЛАРИНИНГ КЎРГАЗМАСИ ОЧИЛДИ

2018 йил 6 июнь куни пойтхатимиздаги Ўзбекистон Тасвирий санъат галереясида халқ амалий санъати усталари томонидан яратилган асарлар билан безатилган “Ислом маданияти равнақ топган юрт” мавзусида санъат усталарининг ижодий ишлари кўргазмаси очилди.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбеков ва бошқалар сўзга чиқиб, мазкур халқ амалий санъат кўргазмаси Миллий санъатимизнинг дурдонаси бўлган халқ амалий санъати ёғоч ўймакорлиги, наққошлик, каштачилик, миниатюра, ҳаттотлик ва бошқа ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, ёш авлод қалбида ёғоч ўймакорлик санъатига бўлган меҳр-муҳаббат туйғуларини камол топтириш, давлатлараро, халқлараро дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси ва бир қатор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган кўргазма ташриф буюрганларга катта таассурот қолдирди.

Амалий санъати усталари томонидан галереяда китоблар туҳфа қилинди, шу билан бирга араб, форс ёзувларида маҳорат дарслари ташкил этилди.

Кўргазмада ганж, ўймакорлик санъати, заргарлик буюмлари, ипакнинг турли хил ва ранг баранг турлари намойиш этилди.

Ориф ЖУМАНОВ,

 “Туркистон-пресс”