2018-06-07 12:13:48

ҲОКИМ БЎЛСАНГ, ЧЕТГА ЧИҚ!

Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев Туркияда амалий ташриф билан бўлиб, умумий қиймати 18,3 миллион долларлик 10 та келишувга эришди.

Ташриф жараёнида Туркиядаги 20 дан ортиқ компаниялар вакиллари билан учрашиб, иқтисодиётнинг турли соҳаларига тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишни кўзда тутувчи умумий қиймати 18,3 млн. доллар бўлган 10 та лойиҳага келишилди, деб хабар берди “Kun.uz”.

Жумладан, Истамбул мэри Мевлют Уйсал билан учрашув чоғида, З.Рўзиев Туркия ишбилармонларининг делегациясини Қашқадарё вилоятида истиқболли йўналиш бўйича ҳамкорлик қилиш борасидаги ташрифини ташкиллаштиришга тайёрлигини билдирди.

Шу билан биргаликда, вилоятда меваларни саралаш ва қадоқлашга мўлжалланган замонавий мажмуани барпо этиш ҳамда кир ювиш ва хушбўй тозалаш воситалари, иситиш радиаторлари, қадоқлаш материаллари, қадоқлаш бўёқлари, фиттинглар, қишлоқ хўжалигида экологик юк ташувчи кичик машиналар ҳамда ун ва қандолатни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш белгилаб олинди. Бундан ташқари, “Баданли Фиданчилик” компанияси томонидан Китоб туманида игна баргли, декоратив дарахт кўчатларини экишга келишиб олинди.

Шунингдек, вилоят делегацияси Денизли ва Измир шаҳрига ташриф қилиб, мазкур ҳудудда 1500 метрдан чуқурликдан чиқаётган иссиқ 80-90 градусли маъданли (гейзер) сувда ишлайдиган иссиқхоналар билан танишди (маълумот учун, ҳосилдорлик анъанавий иссиқхоналар каби 1 гектарга (помидор) ўртача 250-300 тоннани ташкил қилмоқда, бунда иситишда сарфланадиган харажат 2 баробарга камаяди. Мазкур иссиқхона технологиясини вилоятнинг Косон туманида амалга оширишга келишиб олинди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимлиги