2018-06-07 17:15:46

УМИД АҲМАДЖОНОВ ЯПОНИЯ МОҚ ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН УЧРАШДИ

Шу кунларда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов Японияда амалий ташриф билан бўлиб турибди. У 7 июнь куни Япония Миллий олимпия қўмитаси президенти Цунеказу Такеда билан учрашди. Учрашув давомида Япония МОҚ раҳбарига вице-президент Ясуо Саито ҳамроҳлик қилди. Бу ҳақда МОҚ расмий сайти хабар берди.

Мулоқотда томонлар ҳамкорлик ришталарини янада ривожлантириш, уларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича музокаралар олиб боришди. Сир эмаски, дзюдо ҳамда каратэ каби Олимпия спорт турларида Япония терма жамоалари жаҳонда етакчилардан ҳисобланишади. Миллий Олимпия қўмитаси раҳбари ўзбекистонлик спортчиларнинг Японияда малака оширишларини сўраб, Цунеказу Такедага мурожаат қилди.

«Дзюдо ва каратэ бўйича Япония жаҳонда етакчи мамлакатлар сирасига киради. Шунингдек, Токиода жаҳонга машҳур «Кодокан» дзюдо маркази ҳам жойлашган. Биз ўзбекистонлик спортчиларни айнан шу ерда ўз малакаларини ошириб, маҳоратларини янада тоблаб олишларида амалий ёрдам кўрсатишингизни сўрардик. Ўйлайманки,бу ҳамкорлик ҳар икки томон учун фойдали бўлади”, —деди учрашув давомида Умид Аҳмаджонов.

Ўз навбатида Япония МОҚ президенти Цунеказу Такеда бунга жавобан Ўзбекистондан ҳам спортнинг бокс, дзюдо, спорт курашлари ва оғир атлетика бўйича ўрганадиган жиҳатлар етарли эканлиги, ҳамкорлик қилишдан Япония томони ҳам манфаатдор эканлигини таъкидлаб ўтди.

Музокаралар давомида Япония Миллий олимпия қўмитаси билан жамоавий спорт турлари ҳамда стол тенниси бўйича ҳамкорлик қилишга ҳам келишиб олинди. Келишувга кўра, япониялик мутахассислар мамлакатимизда ушбу спорт турларини ривожлантириш лойиҳасида фаол иштирок этадилар.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”