2018-06-07 17:30:05

СЕРГЕЛИ ТУМАНИ ҲОКИМИ АВТОМОБИЛЬ БОЗОРИНИ КЎЧИРИШ ҲАҚИДА ҚАНДАЙ ФИКРДА?

2018 йил 6 июнь куни Тошкент шаҳар ҳокимлигида Сергели тумани ҳокими Нозим Ҳусанов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Нозим Ҳусанов туманнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳақида тўхталиб, ҳозирда фаолият кўрсатиб турган автомобиль бозорининг Тошкент четига кўчирилишини истамаслигини маълум қилди.

Аввалроқ пойтахтдаги барча улгуржи бозорларни шаҳар ташқарисига кўчириш концепцияси ишлаб чиқилган, жумладан,  «Сергели» автомобиль бозорини Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманига кўчириш режалаштирилган эди, бироқ ушбу вариант яна кўриб чиқилади, деди ҳоким.

«Бозор жуда катта майдонни — 24 гектарни эгаллайди. Бунинг учун худди шундай майдонни топиш, уни қуриш, кейин тадбиркорларимизни кўчиришимиз керак», — деди у.

Нозим Ҳусанов автомобиль бозорини Сергели тумани ҳудудида қолдириш истагида эканини билдирди, бироқ уни бошқа жойга кўчириш лозим. «У транспорт оқимига халал бермаслиги учун. Кичик ҳалқа йўли ёқаси бўйлаб Тошкент вилояти билан чегарадош шундай ҳудуд бор», — деди у.

Сергели тумани ҳокимисўзларига кўра, автомобиль бозори туман бюджетига йилига 11 миллиард сўм келтиради. «Биз бундай тушумдан воз кечишни истамас эдик. Ҳозир ушбу бозорни туманимизда қолдириш таклифларини ўрганаяпмиз, лекин у аҳолига ҳам халал бермаслиги керак», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Сергели тумани ҳудуди 5600 гектарни ташкил этиб, ундаги 39 та маҳаллада 207,1 минг аҳоли истиқомат қилади.

“Туркистон-пресс”