2018-06-07 17:32:34

“АДОЛАТ” СДП ИСТЕЪМОЛЧИЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ЙЎЛИДА

Ўзбекистон “Адолат” СДП Бухоро вилоят кенгаши ташаббуси билан Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Ориф Эгамов, Бухоро шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ходимлари ва партия фаоллари иштирокида “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш” мавзусида шаҳардаги “Кўксарой” МФЙда ўрганишлар олиб борилди.

Тўғри, фуқаролар учун имкониятлар, шароитлар яратилган. Аммо муаммолар ҳам йўқ эмас. “Кўксарой” МФЙ аҳли электр энергияси, ҳудуддаги маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари, савдо дўконлари фаолиятини ижобий баҳолашди. Ўрганишлар давомида ушбу билдирилган ижобий натижа ўз тасдиғини топди.

Аммо...Танганинг яна бир иккинчи томони бор. Истеъмолчини фақатгина электр энергияси ёки беминнат хизмат қилаётган савдо дўконлари фаолияти қониқтириб қолармикин? Албатта, йўқ. Кун фақатгина шулар билан давом этмайди-да! “Кўксарой” МФЙ ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуддаги “Талча” ХУЖМ (хусусий уй-жой мулк) ширкати фаолиятини қаттиқ танқид остига олишди. “Йилига 300 мингдан тортиб 700 ва ҳатто 800 минг сўмгача тўлаймиз-у, аммо нега ертўла талабга жавоб бермайди, иссиқлик энергиясида узилишлар кузатилади, уй томлари эса умумман ачинарли аҳволда”, — деб бот-бот такрорлашди. Ва шунингдек, ичимлик сувининг ҳам “бир аҳволда” эканлигини таъкидлашди. Ўрганишлардан аниқландики, ушбу “Талча” ХУЖМ (хусусий уй-жой мулк) ширкати собиқ раиси Аҳад Норов фаолиятига эътиборсизлик билан ёндашган. Истеъмолчининг ҳақ-ҳуқуқлари эса “бир четда” қолган.

Хусусан, “Кўксарой” кўчаси 51-уй, 41-хонадонда истиқомат қилувчи Азза Бараева истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқлари ҳимоясиз қолганлигини айтиб, бир неча бор  “Талча” ХУЖМ (хусусий уй-жой мулк) ширкати собиқ раҳбарига мурожаат қилган. Лекин мурожаат эътиборсиз қолдирилган. Бугунги кунда “Талча” ХУЖМ ширкатига Собир Қурбонов раис этиб тайинланган экан, тузилган ишчи гуруҳ томонидан унга керакли тавсиялар берилди. Бухоро шаҳар Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти ҳуқуқий ҳимоя сектори мутахассиси Ашраф Носиров “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунидан келиб чиққан ҳолда унинг аниқ вазифаларини тушунтириб ўтди. Аҳад Норовга эса қонунан тегишли тартибда чора кўрилишини қайд этди.

Моҳигул Абдуллаева,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

(“Туркистон-пресс”).