2018-06-07 17:35:29

ҚОЗОҒИСТОНДАГИ ХАЛҚАРО ТУРНИРДА БЕШ НАФАР БОКСЧИМИЗ РИНГГА ЧИҚАДИ

Қозоғистоннинг Остона шаҳрида бокс бўйича VI халқаро “Президент кубоги” мусобақаси давом этмоқда. Бу ҳақда Sports.uz хабар берди.

Кеча ўтказилган жанглардан сўнг икки нафар боксчимиз ғалаба қозониб, кейинги босқичга йўл олишди. Бугун, 7 июнь куни  эса мусобақада яна беш нафар боксчимиз рингга кўтарилади.

Қуръа ташлаш жараёнида тўғридан тўғри чорак финалга йўл олган Жасурбек Латипов (52 кг) мезбонлар вакили А.Музаффаров билан куч синашса, кеча илк жангини ғалаба билан бошлаган Шунқор Абдурасулов (60 кг) филиппинлик Чарли Суаресга қарши рингга кўтарилади.

69 кг.вазнда Маҳмуд Ғоипов эса хитойлик Маимаититу Эрсун-Кионгни синовдан ўтказса, Бектемир Мелиқўзиев ва ҳиндистонлик Деваншу Жаисвал 81 кг.вазнда ўзаро баҳс олиб боришади.

Энг юқори вазн тоифасида (+91 кг) ҳамюртимиз Улуғбек Мубинов эса россиялик Максим Бабанин билан кейинги босқич масаласига ойдинлик киритади.

Эслатиб ўтамиз, мазкур турнирда 15 та давлатдан жами  162 нафар боксчи иштирок этмоқда.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”