2018-06-07 17:39:10

АКТ СОҲАСИДА ТАЖРИБА АЛМАШИШГА КЕЛИШИБ ОЛИНДИ

2018 йил 6 июнь куни Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Қозоғистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот хизмати хабар берди.

Мулоқотда Ўзбекистон томони меҳмонни мамлакатимизда АКТ соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан яқиндан таништирди. Соҳани тараққий эттириш масаласи ҳукумат раҳбариятининг бош диққат-эътиборида экани таъкидланди.

Ўз навбатида, Ерик Утембаев ҳам Қозоғистон Республикасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан,  бу давлатда «Рақамли Қозоғистон» дастури қабул қилингани, унинг асосида 2018-2022 йилларда йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида маълумот берди.

Томонлар ҳар иккала давлатнинг АКТ соҳаси маъмурлари ўртасида ўрнатилган иккитомонлама яқин шерикчилик истиқболи, Ўзбекистон ва Қозоғистон бу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришда юқори салоҳиятга эга эканлиги қайд этиб, ахборот технологияларининг турли йўналишларида тажриба алмашишга келишиб олдилар.

Фото: mitc.uz