2018-06-07 18:43:01

ЁШЛАР ИТТИФОҚИДА БРИТАНИЯ КЕНГАШИНИНГ ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ВАКИЛЛАРИ БИЛАН УЧРАШУВ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марк Кросси бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда ЁИ расмий сайти хабар берди.

Қаҳрамон Қуронбоев меҳмонларга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқининг ташкил топиши, фаолияти давомида ёшлар масалаларига оид олиб борилган ислоҳотлар, ҳукуматимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга доир имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумот берди. Унга кўра, бугунги кунда мазкур Ёшлар ташкилоти 12 миллион ёшларни ўз сафига бирлаштирган бўлиб, ЁИ қошида 33 та қуйи ташкилотлар фаолият юритмоқда. ЁИ томонидан ўтган бир йил давомида 33 000 га яқин уюшмаган ёшларнинг бандлиги таъминланди, 1276 нафар ёш тадбиркорларга имтиёзли кредит олишга кўмаклашилди ва бунинг натижасида 1076 та бўш иш ўринлари яратилди.

Буюк Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марк Кросси мазкур ташрифдан мамнунлиги изҳор этиб, ҳамкорликдаги лойиҳалар кўламини кенгайтириш тўғрисида ҳам ўз фикрларини билдириб ўтди:

—Бизнинг Ўзбекистонда олиб бораётган фаолиятимизга 22 йил тўлди, — деди Марк Кросси. — Кейинги пайтларда дастурларимиз янгиликлар билан янада бойиди. Шу билан бир қаторда лойиҳалар сони кўпайди. Бугунги ташрифимиздан мақсад ҳам Ўзбекистон билан узоқ муддатли ҳамкорлик олиб боришдан иборат. Ўзаро музокараларимиз давомида халқаро дастурларни ташкил этиш, Ўзбекистонда ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида инглиз тилини ўргатувчи дастурларни жорий қилиш ва ёзги таътилда таълим лойиҳаларини юртиш ғоялари туғилди.Кейинги учрашувларимизда  ушбу ғояларнинг амалий натижаларини муҳокама қиламиз, деган умиддаман.

“Туркистон-пресс”

Фото:yi.uz