2018-06-07 18:46:22

АБДУЛЛА ҚОДИРИЙНИНГ “ТЎЛА АСАРЛАР” ТЎПЛАМИ ЧОП ЭТИЛДИ

2018 йил 7 июнь куни Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида Абдулла Қодирийнинг беш жилдлик “Тўла асарлар” тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Тақдимотда таниқли адабиётшунослардан Иброҳим Ғофуров, Сайди Умиров, Баҳодир Ҳусанов, Баҳодир Карим, Усмон Азим, Шукур Қурбон, Сирожиддин Аҳмедов ва адибнинг авлодлари, невараларидан Хондамир, Ирфон, Шеркон Қодирийлар иштирок этди.

Машҳур адибнинг беш жилдлик тўла асарлар тўплами янги ва замонавий кўринишда нашр этилди. Тўпламни чоп этишга масъул бўлган Хондамир Қодирийнинг айтишича, ушбу тўпламни тайёрлашда бошқа нашрларда кузатилган адабиётшунос олимлар танқид остига олган хато ва камчиликлар бартараф этилган. Тўпламни адибнинг энг севимли асарларидан бири “Ўткан кунлар” очиб беради. “Меҳробдан чаён” кейинги жилдда берилган. “Диёри бакр” ва “Обид кетмон” асарлари ҳам ҳар бири алоҳида китоб сифатида жамланган. Якунловчи жилд “Адибни хотирлаб” деб номланиб, у мемуар сингари адибнинг замондошлари, издошлари, фарзандлари ва набиралари томонидан у ҳақда билдирилган фикрлар, архив материаллари ва хотиралар асосидаги воқеа ва фактларни жамлаган.

Таъкидлаш лозимки, шу давргача Абдулла Қодирийнинг асарлари бундай шаклда тўлиқ чоп этилмаган эди. Янги беш жилдликда китобхон аввал ўқимаган маълумотларни ҳам топиши мумкин.

ЎзА олган суратлар.