2018-06-08 13:29:38

ЎРТОҚЛИК УЧРАШУВИ ТАЖРИБА МАКТАБИ..МИ?

Уругвай пойтахти Монтевидео шаҳридаги “Сентенарио” стадионида Уругвай ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда вакилларимиз 3:0 ҳисобида мағлуб бўлишди.

Мазкур ўртоқлик учрашувида миллий терма жамоамизнинг мураббийлари асосан ёш футболчиларни синовдан ўтказишди.

Баҳсдаги дастлабки голни 31-дақиқада Жоржиан де Арраскаэта киритди. У Луиз Суарес томонидан ошириб берилган тўпни дарвозага аниқ йўллаб, ҳисобни очди. 53 дақиқада Рустам Ашурматов тўпни қўл билан ўйнади деган хулосага келган ҳакам, Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозасига пенальти белгилади. Пенальтини Луиз Суарес аниқ бажариб ҳисобни 2:0 га етказди. 73 дақиқада бурчакдан оширилган тўпни Хосе Мария Хименес дарвозамизга аниқ йўллаб,Уругвай терма жамоасининг учинчи голини киритди.

“Гарчи ўйинда имконият бой берилган бўлса ҳам, таркибимиздаги бир қатор ёш футболчилар учун жаҳон чемпионатининг иштирокчиси бўлган Уругвай терма жамоасига қарши кечган бу учрашув катта тажриба мактаби бўлганини таъкидлаб ўтиш зарур”, — дея таъкидлайди ЎФА расмий сайти.