2018-06-08 14:13:24

АНДИЖОНДА “ҲАР БИР ОИЛА — ТАДБИРКОР” ҲУДУДИЙ ДАСТУРИ АМАЛГА ОШИРИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига кўра,  жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида ҳудудий дастур амалга оширилади.

Андижон вилоятида амалга ошириладиган  Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадларига Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан жалб қилинадиган хорижий молия институтлари кредит линияларидан 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилади.

Дастур координаторлари мазкур маблағларни туманлар (шаҳарлар) салоҳияти, келиб тушган мурожаатларнинг асосланганлиги, шакллантирилган лойиҳаларнинг истиқболи ва қўшимча иш ўринлари яратишга йўналтирилганлиги ҳамда ҳақиқий эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Андижон вилояти тижорат банклари ва туманлар (шаҳарлар) кесимида тақсимлайди. 
Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ушбу кредит маблағларини Дастур координаторлари тақсимотига асосан Андижон вилоятида фаолият юритувчи тижорат банкларига йиллик 3 фоиз тўлов шарти билан қайта молиялаштиради.

Қарорда таъкидланишича,  Андижон вилояти ҳокимлиги (Ш.Қ.Абдураҳмонов) манфаатдор вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари, Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки билан биргаликда: 

бир ой муддатда наслли қорамол, парранда ва қуёнларни маҳаллий шароитларга мослаштирувчи махсус фермаларни ташкил этиш; 

мазкур фермаларга чет элдан маҳсулдорлиги юқори бўлган наслдор қорамол, эчки ва қуён зотларини олиб келиш, кўпайтириш ҳамда вилоятнинг табиий-иқлим шароитларига мос зотларини яратиш, молларни сунъий қочиришнинг илғор технологияларини жорий этиш; 

мазкур фермаларда маҳаллий шароитга мослаштирилган наслдор қорамол, эчки ва қуён зотларининг кўргазмаларини ташкил этиш ва аҳоли 
хоҳишига асосан уларни танлов асосида мақбул нархларда сотиб олинишига замин яратиш; 

аҳолига махсус фермалардан сотиб олинган чорва моллари, қуён ва паррандаларни боқиш технологияларини батафсил тушунтириш ва келгусида ҳар бир хонадонда мавжуд чорва моллари ва паррандаларни вакцинация қилиш тадбирларини амалга ошириш, аҳолига наслдор молларни сунъий қочириш ва узлуксиз ветеринария хизматлари кўрсатиш тармоғини кенгайтириш; 

сифатли омихта ем ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш борасида лойиҳа ташаббускорларига ҳар томонлама кўмаклашиш, аҳолининг йиллик эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда омихта ем, витаминлар, премикслар, қўшимчалар ҳамда ветеринария препаратларини етказиб бериш; 

йирик тадбиркорларни жалб этган ҳолда саноатлашган чорвачилик кластерларини ташкил этиш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.

Қарорга мувофиқ, эндиликда Андижон вилояти иқтисодий комплекси мутасадди ходимлари оилавий тадбиркорлик фаолияти илғор ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш учун чет эл давлатларига хизмат сафарига юборилади.

“Туркистон-пресс”

Фото: prezident.uz