2018-06-08 14:59:18

ХОРАЗМДА “XXI АСР АЁЛИ” КЎРИК-ТАНЛОВИНИНГ ВИЛОЯТ БОСҚИЧИ БЎЛИБ ЎТДИ

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги мақеини ошириш, уларнинг сиёсий ҳамда ижтимоий фаоллигини ошириш борасида бир қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

 Айниқса, “Донолик ва ташаббускорлик сиёсий етакчилик мезони” шиори остида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “XXI аср аёли” кўрик-танлови  мамлакат сиёсий ҳаётида бугунги тезкор давр талаби даражасида фаол иштирок эта оладиган, партиянинг мақсад ва вазифалари рўёби йўлида самарали саъй-ҳаракатлар қилишга қодир аёл кадрларини танлаб олишда айни муддао бўлмоқда. Ушбу кўрик-танловнинг куни кеча бўлиб ўтган Хоразм вилоят босқичи ушбу ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлади.

Бугунги кунда  ЎзМТДП вилоят ташкилоти ўз атрофида 16 минг нафардан зиёд аъзони бирлаштиради. Уларнинг 58 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Партиядан Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 3 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 19 нафар аёл депутатлар сайланган. Партия аъзоларидан 4 нафари Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаларидир.

—Бундай фидойи аёлларимиз сафини янада кенгайтириш олдимизда турган долзарб вазифалардан биридир, —деди кўрик-танлов очилишида сўзга чиққан ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов. — Бугунги кўрик-танлов ҳам мазкур вазифа йўлида хизмат қилади. Ўтган йиллар давомида вилоятимиздан ушбу танловда 600 нафардан зиёд аёллар қатнашдилар. Эндиликда  у иштирокчилар учун улкан сиёсий мактаб вазифасини ўтамоқда десак, асло муболаға бўлмайди.

Танловда Гурлан туманидаги 7-умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Насиба Юсупова ғолибликни қўлга киритди ва мазкур беллашувнинг республика босқичида  иштирок этиши ҳуқуқига эга бўлди.

“Туркистон-пресс”