2018-06-11 14:55:26

БЕКТЕМИР МЕЛИҚЎЗИЕВ ОЛТИН МЕДАЛНИ ҚЎЛГА КИРИТДИ

Астана шаҳрида бокс бўйича Қозоғистон Президенти кубоги учун нуфузли халқаро турнир ниҳоясига етди.

10 июнь куни уч нафар чарм қўлқоп устамиз финалда рингга чиқишди. Жумладан,  -81 кг вазн тоифасида ҳамюртимиз Бектемир Мелиқўзиев қозоғистонлик боксчи Бек Нурмагамбетовга қарши рингга чиқиб, олтин медални қўлга киритди.

-60 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Шунқор Абдурасулов россиялик Габил Мамедовга қарши жанг ўтказди ва ҳакамлар қарорига кўра мағлуб деб топилди. Ушбу мағлубият сабаб боксчимиз кумуш медаль билан кифояланишга мажбур бўлди. -64 кг вазн тоифасида рингга чиққан ҳамюртимиз Иқболжон Холдоровга эса мезбонлар вакили Бектаулет Ибрагимов рақиблик қилди. Афсуски, ушбу жангда ҳам ҳамюртимиз мағлубият аламини тотиб кўрди ва якунда кумуш медаль соҳибига айланди.

9 июнь куни тўрт нафар боксчимиз мусобақанинг бронза медалига сазовор бўлишган эди. Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси турнирда 1та олтин, 2та кумуш ва 4та бронза медалини қўлга киритди.

“Туркистон-пресс”