2018-06-11 16:30:27

ФРАНЦИЯ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЯНГИ БОСҚИЧДА ДАВОМ ЭТАДИ

Самарқанд вилоят ҳокимлигида Франция тараққиёт агентлигининг лойиҳа раҳбари Александр Монтейро бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказилди.Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги расмий сайти хабар берди.

Вилоят ҳокими Туробжон Жўраев меҳмонларга ҳудудда чиқиндиларни қайта ишлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берди. Ушбу йўналишда франциялик ҳамкорлар билан бирга Самарқанд шаҳрида хонадонлардан чиқадиган маиший чиқиндиларни шаҳардан ташқарига олиб чиқиш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаси амалга оширилиши келгусида ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга замин яратишини қайд этди.

Умумий қиймати 37 миллион евро бўлган лойиҳа уч йил давомида амалга оширилади. Шундан 23 миллион евро Франция тараққиёт агентлиги маблағи, 8 миллион евро Европа Иттифоқи томонидан грант тарзида ажратилади.

Франция тараққиёт агентлиги лойиҳани тўлиқ амалга оширгач, иш жараёнини “Мароқанд обод” давлат унитар корхонаси ташкил этади. Ташкил қилинадиган корхонанинг йиллик қуввати 400 минг тонна чиқиндини қайта ишлашга мўлжалланган.

Учрашув якунида вилоят ҳокимлиги ва Франция тараққиёт агентлиги ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар имзоланди.

“Туркистон-пресс”