2018-06-11 16:33:33

ЎЗХДП КОММУНАЛ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СОҲАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШГА ОИД СЕМИНАР ЎТКАЗДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳамкорлигида “Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш” мавзусида амалий семинар ўтказилди. 

Семинарни ўтказишдан асосий мақсад —Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида устувор йўналишларида назорат қилинадиган давлат бошқаруви органларини сиёсий партияларнинг мақсад ва дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда аниқлаб олиш, партияларнинг фракциялари ва депутатлик гуруҳларининг ижро ҳокимияти идоралари фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини ўрнатиш белгилаб берилган эди. 

Мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши, партиянинг 2018 йилга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурида ўтган 4 ойида коммунал соҳага оид бир қатор масалалар партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ва сессиялар кун тартибига киритилган. Жумладан, партия гуруҳларида ушбу мавзуга оид 76 та масала кўрилган бўлиб,Президент Фармонлари ва қарорлари ижроси тўғрисидаги масалалар ўрганилган. 

Ўзбекистон ХДП кенгашлари қошида ташкил қилинган Жамоатчилик қабулхоналарига ўтган 4 ой давомида жисмоний ва юридик шахслардан келган 2873 та мурожаат бўлган бўлса, шундан 775 таси коммунал соҳасига оид масалалар юзасидан мурожаатлар бўлган бўлиб, 593 та мурожаат ўзининг ижобий ечимини топган бўлса,қолган мурожаатлар назоратга олинган. 

Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг жорий йилнинг 5 ойида 60тадан ортиқ туманларда ҳудудларни ривожлантиришнинг энг муҳим вазифаларини ҳал этишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир ўрганишлар ўтказилди. 

Бу каби семинарларни доимий ўтқазиб бориш натижасида уй-жой коммунал хизматлар кўрсатишни бошқариш механизми ва тизимини такомиллаштириш, хизмат истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга эришилади, дейилади  ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизматихабарида.

“Туркистон-пресс”