2018-06-11 16:37:21

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ АҚШНИНГ USAID АГЕНТЛИГИ БИЛАН 12 МЛН. ДОЛЛАРЛИК КЕЛИШУВ ИМЗОЛАДИ

8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда АҚШнинг USAID халқаро ривожлантириш агентлиги ўртасида ҳамкорлик Меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Ушбу Меморандумнинг имзоланиши ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи доирасида Адлия вазирининг Вашингтон шаҳрида эришилган келишувлари мантиқий давоми ҳисобланади.

Бўлиб ўтган тадбир суд-ҳуқуқ соҳасида давлатларимиз ўртасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш борасида янги имкониятларни очиб бериш учун мустаҳкам замин яратишга имкон беради.

Меморандум янги ўзаро манфаатли дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқишга туртки бўлиб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасини қўллаб-қувватлашга асос бўлиб хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бугунги кунда Адлия вазирлиги томонидан шу каби халқаро ташкилотларнинг грант маблағларини жалб этган ҳолда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор лойиҳаларни амалга оширишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Европа Иттифоқи, БМТнинг ривожлантириш дастури, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти лойиҳаси (GIZ), Германия халқаро-ҳуқуқий ҳамкорлик жамғармаси (IRZ), Ўзбекистонда ҳуқуқ соҳасида ислоҳотлар бўйича Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA), Туркия ҳамкорлик ва ривожлантириш агентлиги, шунингдек, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси каби бир қатор халқаро ташкилотлар билан келишувларга эришилди.

Келишувлар доирасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, юридик кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш, ҳуқуқий хизмат кўрсатишни, хусусан, адвокатурани ривожлантириш, нотариат ва ФҲДЁ органлари тизимини ислоҳ қилиш, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёнига хорижий экспертларни жалб этишга йўналтирилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, Адлия вазирлиги томонидан хорижий мамлакатларнинг давлат органлари билан ҳуқуқ соҳасида тажриба, ҳуқуқуий ахборот ва тегишли адабиётлар билан алмашишни назарда тутувчи ҳамкорлик келишувларини имзолаш йўли билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунда шу каби келишувлар Россия, Жанубий Корея, Япония, Германия, Хитой, Саудия Арабистони билан имзоланган бўлиб, Франция, Испания, Буюк Британия, Италия, БАА, Ҳиндистон, АҚШ, Канада, Исроил, Вьетнам, Эрон, Қувайт, Покистон ва бошқа давлатлар билан музокаралар олиб борилмоқда.

АҚШнинг USAID халқаро ривожлантириш агентлиги билан имзоланган Меморандум ҳам қонун устуворлиги борасида Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг янги босқичи бўлиб хизмат қилади.

“Туркистон-пресс”