2018-06-11 16:39:54

ҚУРИЛИШ МАТЕРИАЛЛАРИ НАРХЛАРИНИ БАРҚАРОРЛАШТИРИШ БЎЙИЧА ВИДЕОСЕЛЕКТОР МАЖЛИСИ БЎЛИБ ЎТДИ

2018 йил 7 июнь куни Бош прокуратурада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 2018 йил 5 июнь куни ўтказилган видеоселектор мажлиси баёни ижроси юзасидан мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва нархларни барқарорлаштириш бўйича видеоселектор мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Мажлисда Бош прокурор, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Бош прокуратура ходимлари, Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш департаменти бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, Тошкент шаҳар, вилоят ҳокимларининг ўринбосарлари, вилоят прокурорлари ва департаментнинг вилоят бошқармалари бошлиқлари, тегишли идоралар раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирок этди.

Мажлис иштирокчилари томонидан жорий йилнинг 5 июнь куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида қурилиш материаллари нархининг асосcиз равишда ошиб бораётганлиги, қурилиш материалларига бўлган ҳақиқий эҳтиёжнинг аниқ эмаслиги таъкидлангани маълумот учун қабул қилинди.

Мажлисда замонавий Tashkent ва Samarqand city, Нурафшон шаҳри, Тошкент халқаро аэропорти, Тошкент халқа йўли, Юнусобод метро линияси, Тошкент ва бошқа шаҳарлардаги ўнлаб кўприклар, намунавий уй-жойлар, хусусан хизмат уйлари, кам таъминланган оилалар учун уй-жойлар қурилишини ҳисобга олган ҳолда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва нархларни барқарорлаштириш масаласининг долзарблиги ва стратегик муҳимлиги қайд этиб ўтилди.

Ушбу ва бошқа қурилиш объектларининг барпо этилиши катта ҳажмдаги қурилиш материаллари ишлаб чиқарилиши ва ички бозорда бўлишини тақозо этади. Бироқ, охирги вақтда қурилиш материалларига бўлган талабнинг кескин кўпайиши, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланилмаётгани, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилишида зарур бўлган газ ва электр энергияси тарифлари ошгани ҳамда бир қатор бошқа сабаблар қурилиш бозорида нархлар ўсишига олиб келди.

Мисол учун, республика бўйича жорий йилнинг май ойида қурилиш материалларининг нархлари 2017 йил декабрь ойига нисбатан умумий ҳисобда 15,6 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 26,3 фоизга ошган.

Бугунги кунда республикада фаолият юритаётган қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи 7 316 та тадбиркорлик субъектларининг 5 145 таси, яъни 70 фоизи мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан тўлиқ фойдаланмаяпти.

Мажлисда қурилиш материаллари ички бозорида юзага келган салбий вазият сабаби бўлган айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги танқид қилиниб, тегишли давлат органлари, идоралари ва ташкилотлари раҳбарларининг тушунтиришлари эшитилди.

Мажлис якуни бўйича иштирокчилар томонидан мамлакатимизда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва қурилиш материалларининг энг муҳим турларига (цемент, пишиқ ғишт, ойна, тахта-ёғоч, металлопрокат ва бошқалар) бўлган нархларни барқарорлаштиришга, қурилиш материалларининг нархлари ўсишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этишга қаратилган аниқ чоралар белгиланди.

“Туркистон-пресс”