2018-06-11 16:43:05

КИТОБ МУТОЛААСИ — ЭНГ ЯХШИ ҲОРДИҚ

Халқ таълими вазирлиги мактаб ўқувчиларининг ёзги таътил кунларини мароқли ва мазмунли ташкил этиш мақсадида “Ўқувчиларнинг ёзги таътил даврини мазмунли ташкил этиш Концепцияси”ни амалиётга жорий этди.

Вазирлик матбуот хизматидан маълум қилишларича, умумтаълим мактаблари қошида кундузги оромгоҳлар, соғломлаштириш майдончалари ташкил этилиб, ижодий ва спорт тўгараклари ўтказилади.

Ўқувчилар таътил вақтларида китоб мутолаа қилишлари учун республикадаги барча 9628 та мактаб кутубхонаси ва 211 та ахборот-ресурс марказлари тўлиқ фаолият кўрсатади. Уларда 66 номда ўзбек ва жаҳон болалар адабиётининг нодир асарлари танлаб олиниб, ўқувчиларга тавсия қилинади.

Бундан ташқари, оромгоҳларда болалар ўртасида китобхонликни ва мутолаа маданиятини оширишга қаратилган тадбирларга алоҳида ўрин берилди ва ҳар мавсумнинг бир куни алоҳида китобхонлик куни деб белгилаб қўйилди.

“Туркистон-пресс”