2018-06-11 16:50:03

ТОШКЕНТДА ТЕРРОРИЗМГА ҚАРШИ КУРАШ БЎЙИЧА КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТМОҚДА

Пойтахтимиз Тошкентда “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” мавзуидаги халқаро конференция бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари — Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер, БМТ Бош котибининг ёшлар масалалари бўйича махсус вакили Джаятма Викраманаяке, БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси таркибидаги Контртеррор марказининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Кангинг Го, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Питер Буриан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича Давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоев иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти билан биргаликда ташкил этилган мазкур анжуманда ёшлар орасида терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмга қарши курашишнинг сиёсий-ҳуқуқий асослари, бу жараёнда уларнинг ролини ошириш, давлат ва фуқаролик жамиятининг ҳамкорлигини кучайтириш, миллатлараро ва конфессиялараро муносабатлар соҳасидаги Ўзбекистон тажрибаси каби масалалар муҳокама қилинмоқда.

Шунингдек, Халқаро анжуманда Терроризмга қарши курашда шаклланган халқаро тажрибалар ўртоқлашилди.

Жумладан, Мадриднинг Сан Пабло университети профессори Антонио Алонсонинг қайд этишича, Испаниянинг милллий хавфсизлик стратегияси Европа Иттифоқи хафвсизлик стратегияси ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2178 рақамли резолюциясига асосан ишлаб чиқилган. Мамлакатда терроризм ва экстремизга қарши курашиш бир нечта тамойилга асосланиб олиб борилмоқда. Ва бу тамойилнинг энг биринчиси терроризмни олдини олиш ҳисобланади. Айни йўналишда механизм ҳам шаклланган бўлиб, амалга оширилаётган тематик лойиҳалар, ахборот хавфсизлиги бўйича ташкилотлар ҳамкорлиги, таълимий тарғибот ва ташвиқот, ишонч телефонлари унинг асосий мурватларидир.

Анжуманда сўзга чиққан яна бир хорижлик иштирокчи — Бутунхитой халқ вакиллари кенгашининг доимий қўмитаси аъзоси Юй Чжеган ҳам терроризм ва экстремизмга қарши курашда ўз мамлакати тажрибасига алоҳида тўхталди.

- Сўнгги беш йил ичида Хитой ўз ҳудудида миллий қонунчилик асосида терроризм ва экстремизмга қарши изчил кураш олиб бормоқда, деди у. - Шу билан бирга айни йўналишдаги ишларда халқаро ҳамкорликдан ҳам самарали фойдаланилмоқда. Бугунга келиб Хитой терроризм ва экстремизга қарши курашиш бўйича 12 та халқаро конвенцияларга қўшилган. 

“Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли”мавзуидаги халқаро конфенренция давом этмоқда.

ЎзА олган суратлар.