2018-06-12 16:45:57

МУЗАФФАР СПОРТЧИЛАРИМИЗ ТОШКЕНТДА ТАНТАНАЛИ КУТИБ ОЛИНДИ

Хабарингиз бор, 6-10 июнь кунлари Қозоғистоннинг Астана шаҳрида бокс бўйича «Қозоғистон Президенти соврини учун» номли нуфузли халқаро мусобақа ташкил қилинди. Унда жаҳоннинг етакчи 15 мамлакати қаторида ўзбекистонлик чарм қўлқоп усталари ҳам иштирок этишди.

Бугун музаффар боксчиларимиз жой олган самолёт заминимизга келиб қўнди. Спортчиларимизни кутиб олиш учун Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон бокс федерацияси мутасаддилари, спортчиларнинг яқинлари, мухлислар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари жам бўлишди.Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ Матбуот хизмати хабар берди.

“Мусобақада кучли рақибларга қарши тўқнаш келдик. У ерда тажриба орттирдик. Бу катта мусобақаларга тайёргарлик йўлида яхшигина тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Ортда қолган иккита турнир Осиё ўйинлари олдидан муҳим аҳамиятга эга эди. Умуман олганда, мусобақалар биз учун ёмон кечмади”, —деди Бектемир Мелиқўзиев.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада Бектемир Мелиқўзиев олтин, Шунқор Абдурасулов ва Иқболжон Холдоров кумуш, Шахобиддин Зоиров, Алиёр Норалиев, Маҳмуд Ғоипов ва Исроил Мадримовлар бронза медали соҳибига айланишди. Қайд этиб ўтиш лозимки, ушбу мусобақа терма жамоа мураббийлар штаби учун айни муддао бўлди. Улар турнир давомида шу йил Жакартада бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этадиган таркибнинг асосий қисмини аниқлаб олишди.

“Туркистон-пресс”