2018-06-12 16:48:47

FIFA ПРЕЗИДЕНТИ ЖАННИ ИНФАНТИНО РАВШАН ЭРМАТОВ ХИЗМАТЛАРИНИ ЭЪТИРОФ ЭТДИ

Футбол бўйича жаҳон чемпионати старти олдидан 11 июнь куни Россия пойтахтидаги «Кемпински отель» меҳмонхонасида Осиё футбол Конфедерациясининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда FIFA президенти Жанни Инфантино ҳам иштирок этди. Бу ҳақда Ўзбекистон МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

Хабарингиз бор, бу йилги Мундиалда Осиё қитъаси шарафини бешта терма жамоа — Эрон, Япония, Саудия Арабистони, Жанубий Корея ва Австралия термалари ҳимоя қилишади. Бугунги йиғилишда FIFA президенти Жанни Инфантино, қолаверса Осиё футбол Конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа жаҳон чемпионатида иштирок этувчи Осиё терма жамоалари ва ҳакамларга омад тилади.

Жумладан, Жанни Инфантино йиғилиш давомида шундай деди: «Осиёда футбол жадаллик билан ривожланиб боряпти. Умид қиламанки, бу йилги мусобақада Осиё терма жамоалари ҳам ўзларини ҳар томонлама кўрсата олишади. Қолаверса, айни пайтда Осиёда ҳакамлик соҳаси ҳам анча ривожланган. Сўнгги йилларда ушбу қитъадан бир қатор кучли реферилар етишиб чиқди. Жаҳон чемпионатининг финал босқичида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи ҳам бугунги кунда айнан Осиёлик ҳакам Равшан Эрматов бўлиб тургани ҳам фикримга исбот бўла олади».

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатида Осиёнинг беш карра энг яхши ҳаками, ҳамюртимиз Равшан Эрматов бошчилигидаги бригада ҳам иштирок этади. Шунингдек, ўзбек футболи тарихида илк маротаба Алим Арифов жаҳон чемпионатида комиссар вазифасини бажаради.

“Туркистон-пресс”