2018-06-12 17:12:00

УМИД АҲМАДЖОНОВ FIFA ПРЕЗИДЕНТИ БИЛАН МОСКВАДА УЧРАШДИ

“Жаҳон чемпиоанти-2018” футбол ўйинларининг расмий очилиш маросимига ташриф буюрган FIFA президенти Жанни Инфантино ва Ўзбекистон МОҚ президенти, ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов Москва шаҳрида учрашди.

Мулоқотда У.Аҳмаджонов мамлакатимизда спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида FIFA президентига сўзлаб берди. Ўз навбатида, жаҳондаги энг қудратли спорт ташкилотларидан бирининг раҳбари Инфантино ҳам ўзбек спортида рўй бераётган ўзгаришларни юқори баҳолади ва яқин орада шахсан ўзи Тошкентга ташриф буюришини ва ўзгаришларни бевосита кузатишини таъкидлаб ўтди.

Режага кўра, шу йилнинг ўзида “Миллий стадион”ҳудудида Ўзбекистон футбол ассоциацияси учун янги бино қурилиш ишлари бошлаб юборилади. Бинога биринчи ғиштни айнан FIFA президенти Жанни Инфантино қўйиб бериши кутилмоқда. Демак, шу йил якунига қадар FIFA раҳбари Тошкентга ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионати 14 июнь куни Москвадаги «Лужники» стадионида бошланади. Россия ҳамда Саудия Арабистони терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтадиган очилиш учрашувини МОҚ президенти ва ЎФА биринчи-вице президенти Умид Аҳмаджонов ҳам бевосита стадиондан кузатиб боради.

Ориф ЖУМАНОВ,

“Туркистон-пресс”