2018-06-13 13:24:34

ФАРҒОНА ВОДИЙСИДА OPEN AIR КОНЦЕРТЛАРИ БЎЛИБ ЎТАДИ

2018 йил 20−26 июнь кунлари Фарғона водийсининг тўртта шаҳри — Наманган, Андижон, Фарғона ва Қўқонда Open Air-Oltin Vodiy концертлари бўлиб ўтади, дея хабар қилди Туризм қўмитаси матбуот хизмати.

Лойиҳа доирасида томошабинлар Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри, таниқли қўшиқчилар ва  мусиқачилар санъатидан баҳраманд бўлади.

Концертлар замонавий театрлар қаршисидаги марказий майдонлар ва тарихий архитектура ёдгорликларида бўлиб ўтади. Наманганда — Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театри олдидаги майдонда, Андижонда — «Андижон Регистони» хиёбонида, Фарғонада — Ислом  Каримов номидаги Театр-концерт саройи қаршисидаги майдонда ва Қўқонда — Худоёр хон саройи қаршисида бўлиб ўтади. Бу ерда 1500 ўриндиқли ёзги концерт зали бунёд этилади. Деворларга улкан экранлар ва зарур ёритиш ускуналари ўрнатилади.

Дастурдан Чайковскийнинг «Қарсилдоқ» ва «Оққуш кўли» балетларидан, Моцартнинг «Сеҳрли флейта», Энмарк Салиҳовнинг «Умид» операсидан мусиқалар, машҳур «Маҳаллада дув-дув гап», «Мафтунингман», «Чинор остидаги дуэл» кинофильмларидан саунтреклар, Ботир Зокиров ва Муслим Магомедов репертуаридаги қўшиқлар, Андижон полкаси ва Хоразм лазгиси каби куйлар ўрин олган.