2018-06-13 13:40:57

ЎЗБЕКИСТОН МУДОФАА ВАЗИРИ ҚИРҒИЗИСТОН ҲАРБИЙ ДЕЛЕГАЦИЯСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИ

2018 йил 12 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов Қирғизистон Қуроллик Кучлари бош штаби бошлиғи, генерал-майор Райимберди Дуйшенбиев бошчилигидаги Қирғизистон ҳарбий делегациясини қабул қилди. Бу ҳақда Газета.uz” хабар берди.

Учрашув давомида мудофаа йўналишида ўзбек-қирғиз ҳамкорлигининг истиқболлари масалалар муҳокама қилинди, ҳарбий йўналишда алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича фикр алмашилди. Мулоқотда Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлаш масаласи ҳам диққат марказида бўлди.

Мазкур учрашувда икки давлат Мудофаа вазирликлари ўртасида 2018 йилда ҳамкорлик қилиш бўйича ҳамкорлик режаси имзоланди. Таъкидлаш ўринли, ушбу ҳамкорлик режаси мудофаа йўналишида икки томон учун ҳам манфаатли алоқаларни кўзда тутади.

 «Умид қиламизки, ҳарбий соҳада мустаҳкам ҳуқуқий-меъёрий базани яратиш икки томонлама амалий тадбирларни режалаштириш ва ўтказиш имконини беради ҳамда уларнинг фақат икки мамлакатда эмас, балки бутун минтақада хавфсизликни таъминлаш ва жанговар тайёргарликни ошириш ҳамда хавфсизликка доир бўлган вазифаларни кучайтириш имконини беради», — деди Ўзбекистон Мудофаа вазири Абдусалом Азизов.

Фото: Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги