2018-06-14 12:10:00

ТАДБИРКОРЛАР УЧУН НАВБАТДАГИ КЎРГАЗМАЛИ-СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

“Ўзавтосаноат” АЖ биносида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Президиумининг 2018 йил 22 майдаги  йиғилиши баённомасининг 2-банди ижросини таъминлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг таннархини арзонлаштириш ва маҳаллийлаштириш даражасини ошириш мақсадида компания томонидан юртимиздаги ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтириш истагида бўлган  тадбиркорлар учун навбатдаги кўргазмали-семинар ўтказилди. Унда мамлакатимиз автомобилсозлик саноати учун зарур бўлган ва шу кунгача импорт қилиб келинган  бутловчи қисмлар намойиш этилди. Бу ҳақда “Ўзавтосаноат” АЖ ахборот хизмати хабар берди.

Шуни айтиб ўтиш керакки, мамлакатимизда маҳаллий хомашё асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ишлаб чиқариш, йирик саноат корхоналари ва кичик бизнес субъектлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Маҳаллийлаштириш Дастури самарасида ишлаб чиқариш корхоналари ўртасидаги кооперация алоқалари ривожланиб, маҳсулот тури ва сифати ошмоқда. Юртимизда импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. 

Асака автомобиль заводи ўз фаолиятини 4 та маҳаллий таъминотчи корхоналардан келувчи 12 хил бутловчи қисмдан бошлаган бўлса, ҳозирга келиб маҳаллий таъминотчиларнинг сони 100 дан, улардан келтирилаётган бутловчи қисмлар турлари эса 2,5 мингдан ортган.  Бу йил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан   белгилаб берилган Йўл харитасида “Ўзавтосаноат” АЖ  тизимида импортни 10 % га қисқартириш белгиланган.

Кўргазмали семинарда  сўзга чиққан компания вакилларининг таъкидлаганидек,  жорий йилнинг 9 март куни Асака шаҳридаги “GM Uzbekistan”  автомобиль заводида  ҳам 80 нафардан ортиқ тадбиркорлар иштирокида кўргазмали-семинар ўтказилган эди. Бугунги тадбирга эса “Ўзэлтехсаноат”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзагросаноат” акциядорлик жамиятлари  “Ўзбекнефтгаз”, “Тошрангметзавод” ва бошқа бир қатор ташкилотлар таркибига кирувчи корхоналар вакиллари ҳамда хусусий ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар таклиф қилинган.

 Шунингдек, тадбирда “GM Uzbekistan”  автомобиль заводининг ушбу бутловчи қисмларга  бўлган йиллик эҳтиёжи, кўргазмага қўйилган бутловчи қисмларнинг ўзига хос хусусиятлари, уларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш учун талаб этиладиган маблағ ҳамда ишлаб чиқаришда қайси жиҳатларга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида ҳам айтиб ўтилди. Бу эса  ишлаб чиқариш фаолиятини янада кенгайтириш мақсадида бўлган юртимиздаги тадбиркорлар учун жуда қўл келди.  

“Туркистон-пресс”