2018-06-14 15:38:49

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ҲУЗУРИДА ТУЗИЛГАН ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ ИЛК МАЖЛИСИНИ ЎТКАЗДИ

Адлия вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши иш бошлади. Ушбу кенгаш Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан тузилди.

2018 йилнинг 13 июнида ушбу Кенгишнинг йиғилиши ўтказилди. Уни адлия вазири Р.Давлетов олиб борди. Йиғилишда Кенгашнинг олдига қўйилган вазифалар, амалга ошириладиган ишларнинг “йўл харитаси”,келгуси режалар бўйича фикр-мулоҳазалар алмашинди.Бу ҳақда вазирликнинг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.

Дастлаб Жамоатчилик кенгашининг таркиби таништирилди.Шундан сўнг Кенгашнинг асосий вазифаси, уларни бажаришда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатларга алоҳида урғу берилди. Таъкидланишича, Кенгаш ўз фаолиятини уч йўналишда олиб боради. Бунда улар асосий эътиборни қуйидаги масалаларга қаратишлари белгиланди:

 Биринчи навбатда,  амалиётдаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда уларни манзилли ўрганиш ва ечими  юзасидан таклифларни  тақдим этиш;

Иккинчидан, фуқаролар энг кўп мурожаат этадиган соҳалар, хусусан, нотариат, ФҲДЁ органлари фаолияти юзасидан муаммоларни ўрганиш ва уларни бартараф этишда кўмаклашиш;

Учинчидан, аҳолининг ҳуқуқий онгги ва маданиятини янада ошириш, ҳуқуқий билимсизликка барҳам бериш, жойларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини, унда назарда тутилаётган янгиликларни ўз вақтида етказиш мақсадида ҳуқуқий тарғибот масаласига эътибор бериш лозимлиги қайд этилди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Жамоатчилик кенгашининг таркибига вазирлик фахрийлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситаларининг вакиллари киритилди. Кенгаш Адлия вазирлиги ҳузуридаги маслаҳат органи сифатида жамоатчилик асосида ишлайди.

Мазкур кенгаш ёрдамида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлик ривожлантирилади, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари юзасидан жамоатчилик фикри тизимли ўрганилади ва таҳлил қилиб борилади.

Тадбирда сўзга чиққанлар Адлия вазирлиги ҳузуридаги ушбу Кенгаш фуқаролар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан очиқ мулоқотни ривожлантиришга қаратилганлигини таъкидлашди. Кенгашнинг олдига қўйилган вазифаларни  амалга оширишда эътибор қаратиш лозим бўлган жиҳатлар бўйича ўз таклифларини беришди.

“Туркистон-пресс”