2018-06-14 16:02:33

Ж.ОРТИҚХЎЖАЕВ: “ПОЙТАХТДАГИ ИСЛОҲОТЛАР ХАЛҚ ФИКРИНИ ЎРГАНИЛГАН ҲОЛДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ”

Тошкент шаҳридаги ҳар бир йирик ислоҳот халқ фикрини ўрганилган ҳолда амалга оширилади. Шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Жаҳонгир Ортиқхўжаев Халқаро Пресс-клуб доирасида KUN.UZ мухбирига берган интервьюсида шу ҳақида маълум қилди. 

“Қўлдан келганча шаҳримизни ақллилаштиришга, яъни тизимларни — кўчалардаги Wi-Fi'дан тортиб барча транспорт турларидан хабардорликка қадар йўлга қўйишга, одамлар ўртасидаги коммуникацияни оширишга ҳаракат қиламиз. Буларнинг бари шаҳар ҳокимлигининг имконидан келиб чиққан ҳолда босқичма-босқич амалга ошириладиган ишлардир. 

Албатта, Тошкентни қисқа муддатларда АҚШ шаҳарлари ёки Лондон даражасига олиб чиқиш қийин. Ислоҳотларни жойларда қисман татбиқ қилиб кўрамиз ва одамларнинг бунга муносабатини, буларнинг керак ёки керак эмаслигини ўрганамиз. Ҳар бир йирик ислоҳот халқ фикрини ўрганилган ҳолда амалга оширилади”, — деди Ж.Ортиқхўжаев.