2018-06-19 15:45:55

ҚАРЗДОР КЛУБЛАР ТРАНСФЕР ОЙНАСИДА ЯНГИ ФУТБОЛЧИЛАРНИ РЎЙХАТДАН ЎТКАЗА ОЛМАЙДИ

Ўзбекистон профессионал футбол лигаси елкасида қарзи бор бўлган клубларга янги футболчиларни рўйхатдан ўтказиш имкониятини бермайди.Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар берди.

2018 йил 18 июнь куни ёзги трансфер ойнаси расман очилган. Бу вақтга келиб бир қатор клубларда катта ўзгаришлар бўлади. Яъни, айрим футболчи ва мураббийларга жавоб бериб юборилади. Шундан келиб чиқиб, ўз жамоасини тарк этаётган, аммо клубда пули қолиб кетаётган футболчилар кеч бўлмасидан ПФЛга мурожаат қилиши мумкин.

Ўз навбатида ПФЛ ҳам клуб билан хайрлашаётган футболчилар ҳақидаги ҳисоботни клублардан талаб қилиб олади. Яъни, қарздорлиги бор клубга трансфер ойнасидаги ўзгаришлар учун рухсат этилмайди. Шундан келиб чиқиб, янги футболчилар масаласида ПФЛга келишдан олдин, аввал эскилар билан ҳисоб-китоб қилингани борасидаги ҳужжатлар тақдим этилиши шарт.

“Туркистон-пресс”